2025 йил март ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ўсишда давом этиб, 47,85 миллиард долларга етди. Бу 2013 йилдан бери олиб борилаётган статистикадаги энг юқори кўрсаткичдир, деб маълум қилди Марказий банк.
2025 йил февраль ойи билан солиштирилганда, захиралар 2,91 миллиард долларга ёки 6,5% га ошган. Бу эса бир ойлик энг катта ўсиш ҳисобланади. Илгари захиралар энг катта миқдорда, 2020 йил июнь ойида 2,44 миллиард долларга кўпайган эди.
Кескин ўсиш учинчи ой кетма-кет кузатилмоқда: 1 март ҳолатига захиралар 44,94 млрд доллар, 1 февралда — 42,91 млрд, 1 январда — 41,18 млрд долларни ташкил этган. Йил бошидан бери умумий ўсиш 6,67 млрд доллар ёки 16,2% бўлди.
Ўсишга асосий ҳиссани яна олтин қўшди — унинг жаҳон бозоридаги нархи ўсишда давом этмоқда. Бироқ захиралардаги олтиннинг жисмоний ҳажми тахминан 380 минг трой унциясига (тахминан 11,8 тонна) камайган — 12,18 миллиондан 11,8 миллион трой унциягача (367 тонна). Бу — нархлар юқори бўлган пайтда олтиннинг бир қисмини сотилганини кўрсатади. Бу 2024 йил июн ойидан бери кузатилган энг паст кўрсаткичдир.
Шунга қарамай, олтиннинг умумий қиймати 2,02 миллиард долларга кўтарилди — 34,86 миллиарддан 36,88 миллиард долларгача.
Шунингдек, захираларнинг валюта қисми ҳам ўсишда давом этди — 883 миллион долларга кўпайиб, 9,53 миллиарддан 10,42 миллиард долларга етди. Бу 2023 йил январидан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
2025 йил март ойида олтин нархи 9,2% га кўтарилди — 2857,78 доллардан 3120,93 долларгача. Жорий йилнинг биринчи уч ойида олтин 17,8% га қимматлашди, сўнгги бир йилда эса 41,4% га. Бу АҚШ президенти Дональд Трампнинг савдо сиёсати фонида олтинни йилнинг энг даромадли активларидан бирига айлантирди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Марказий банк эълон қилган захиралар таркибига Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ЎТТЖ) активлари ҳам киритилган. Бироқ унинг ҳажми очиқланмаган ва халқаро рейтинг агентликлари, жумладан, S&P Global Ratings, ушбу жамғармани халқаро захиралар ҳисобидан чиқариб ташлайди, чунки у асосан фискал, яъни бюджет мақсадларида фаолият юритади.
Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари миллий иқтисодиёт ва молиявий тизим барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Улар миллий валютанинг курсини қўллаб-қувватлаш, ташқи қарз мажбуриятларини тўлаш, инқироз пайтида импортни молиялаштириш, шунингдек ташқи иқтисодий хатарлардан суғурта сифатида ишлатилади.
Бу захиралар ташқи шоклар — экспорт товарлари нархидаги кескин ўзгаришлар, халқаро санкциялар, глобал молиявий инқирозлар ёки валюта бозорларидаги беқарорликлар каби хавфларга қарши «хавфсизлик ёстиғи» ҳисобланади.