Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ учун харажатларнинг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ёқилғи-энергетика соҳасига бозор механизмларини жорий этиш жараёнида эҳтиёжманд оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади, деб хабар беради ЎзА.

Ҳужжатга мувофиқ, 2025 йил 1 майдан 2027 йил 1 апрелгача белгиланган тоифадаги оилалар учун электр энергияси ва табиий газ бўйича базавий ва оширилган тариф ставкалари ўртасидаги фарқ давлат томонидан қоплаб берилади.

Компенсация ойига 150 кВт⋅соатгача бўлган қўшимча истеъмол учун ажратилади. Масалан, агар оила 350 кВт⋅соат сарфласа, 200 кВт⋅соатни 600 сўмдан тўлайди, қолган 150 кВт⋅соат эса давлат томонидан қоплаб берилади, дея тушунтирди Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги.

Истеъмолчиларга шунингдек, иситиш мавсумида ойига 250 куб метргача, бошқа ойларда эса 150 куб метргача газ компенсация қилинади.

«Аввал компенсация фақат қишда — ноябрдан февралгача тўланар эди. Энди эса йил давомида ҳар ой тўланади», — дейилади агентлик хабарида.

Кимлар компенсация олиш ҳуқуқига эга:

Компенсация қуйидаги тоифадаги оилаларга тўлаб берилади:

  • Ягона ижтимоий ҳимоя тизими орқали болалар нафақаси ёки моддий ёрдам оладиган (оилада киши бошига ойлик даромад 669 минг сўмдан кам бўлганлар);
  • Кам таъминланган деб эътироф этилган ва реестрга киритилган оилалар (киши бошига ойлик даромад 1,155 млн сўмдан кам);
  • Реестрга киритилмаган, аммо эҳтиёжманд деб топилган (мулки чекланган ва киши бошига даромади 1 млн сўмдан кам);
  • Оила аъзосига тўғри келадиган даромади энг кам истеъмол харажатларининг 1,5 баробарига тенг ёки кам бўлганлар (1,003 млн сўм).

Электр энергияси ва газ учун компенсацияларни ўз вақтида тўлаш учун Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги жавобгар бўлади.

Қўшимча ёрдам

Шунингдек, мазкур қарорга мувофиқ, 2025/2026 йилги иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик 1 млн сўмлик моддий ёрдам кўрсатилади. Маблағлар ноябрь ойида маҳалла «еттилиги» хулосасига асосан тегишли реестрга киритилган ва эҳтиёжманд деб топилган оилалар ўртасида тақсимланади.

2025 йил март ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 746.149 кам таъминланган оила қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, президент аввалроқ ҳукуматга газ ва электр энергияси нархларини ошириш муддатини бир ойга кечиктиришни топширган эди. Нархлар 2025 йил 1 апрель эмас, 1 майдан оширилади.

Нарх оширишнинг биринчи босқичи 2024 йилнинг май ойида амалга оширилган, ўшанда ижтимоий истеъмол меъёрлари жорий этилган. Истеъмолчилар учун 1 кВт⋅соат электр энергиясининг ижтимоий (меъёрдаги) нархи 295 сўмдан 450 сўмга (+52,5%) ва 1 куб метр газ нархи 380 сўмдан 650 сўмга (+71%) оширилган эди. Истеъмол ҳажми ортиши билан тариф ҳам бир неча баробарга ўсади.

2025 йил 1 майдан бошлаб электр энергиясининг базавий (ойига 200 кВт⋅соатгача) тариф нархи 33,3% га — 450 сўмдан 600 сўмгача, газ нархи эса 53,8% га — 650 сўмдан 1000 сўмгача кўтарилади.