Норин каскади ГЭСларининг биринчи босқичи ишга туширилди

Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги Норин дарёсида Норин каскади гидроэлектростанцияларининг биринчи босқичи ишга туширилди. 2025 йил 17 сентябрь куни ҳудудга ташриф буюрган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев станцияда бўлди.

Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг март ойида ҳар бири 38 МВт қувватга эга олтита ГЭСдан иборат (умумий қуввати 228 МВт) каскад қурилишига старт бергани ҳақида хабар берилган эди. «Ўзбекгидроэнерго» томонидан амалга оширилаётган 6 та ГЭС лойиҳасининг умумий қиймати 428 миллион АҚШ долларидан ошади. Йилига 1 миллиард киловатт-соатдан ортиқ ишлаб чиқариладиган электр энергияси 430 минг хонадонни таъминлаши керак ва йилига 290 миллион куб метр газни тежаш имконини беради, бу деярли 300 миллиард сўмга тенг.

Ишга туширилган ГЭС-1 «тўлиқ маҳаллий материаллар ва ускуналар асосида қурилган бўлиб, уни биринчи миллий гидроэлектростанция деб аташ мумкин», дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Станция йилига 171 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Бу ерда 130 та янги иш ўрни яратилди.

«Ўзбекистон гидроэнергетикаси тарихида биринчи марта бу ерда ҳатто сувнинг паст босимида ҳам юқори самарадорлик билан ажралиб турадиган горизонтал капсулали гидроагрегатлар жорий этилди, бу миллий гидроэнергетика ривожига янги саҳифа очмоқда», — дея таъкидланади хабарда.

Станцияда сув ташлаш иншооти, шунингдек, маъмурий ва сервис бинолари, диспетчерлик пункти қурилган. Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва ҳудудни ободонлаштириш мақсадида 6000 туп манзарали дарахт экилган, баҳорда яна 7000 туп мевали дарахт кўчати экиш режалаштирилган. Шу тариқа, объект экотуризм марказига ҳам айланади, дейилади хабарда.

2026 йилда иккинчи ва учинчи станцияларни, 2027 йилда эса қолган 3 та станцияни ишга тушириш режалаштирилган.

Ўтган йилги маросимда Президент ҳар бири 500 МВт қувватга эга 2 та қуёш электростанцияси қурилишини ҳам бошлаган эди. Уларни Германиянинг Hyper Partners ва БААнинг Tepelen Group Holding компаниялари қурмоқда. Ҳар бир лойиҳанинг қиймати 350 миллион долларни ташкил этади.

Хабар қилинишича, ушбу 3 та лойиҳа натижасида Наманган вилоятининг генерация қувватлари 2141 МВтга етади. Ҳар йили 7,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, бу вилоятнинг 5,5 миллиард киловатт-соатлик эҳтиёжини тўлиқ қоплайди. Қолган 30% электр энергияси Андижон ва Фарғона вилоятларига йўналтирилади.