
Тошкентдаги Низомий номидаги Миллий педагогика университетининг яна иккита ўқув корпуси электрон савдоларга чиқарилди. Лотлар Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан E-auksion майдончасига жойлаштирилди.
Биринчи объект — Чилонзор тумани, Қатортол кўчаси, 2-тор кўча, 5-а уй манзилида жойлашган Табиий фанлар факультети биноси. Бино 2,24 гектар майдонда жойлашган бўлиб, хоналар майдони 6224 квадрат метрни ташкил этади.
Лотнинг бошланғич баҳоси 325,86 млрд сўм этиб белгиланган. Залог пули миқдори — 9,77 млрд сўм ёки объект қийматининг 3 фоизи. Аукционнинг биринчи қадами — 325,86 млн сўм. Савдолар нархни ошириб бориш тартибида ўтказилади.
Шартларга кўра, сотилганидан кейин объект 2027 йил 31 декабргача бўшатилиши керак. Бу муддат Низомий номидаги педагогика университетининг Янги Тошкентдаги кампуслари тайёр бўлишига қараб ўзгариши мумкин.
Харидор, шунингдек, объект негизида шаҳарсолик нормаларига риоя қилган ҳолда нодавлат таълим муассасаси ташкил этиш ва ушбу фаолият турини сақлаб қолиш мажбуриятини олади.
Иккинчи объект — Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчаси, 105-уй манзилида жойлашган Филология факультети биноси. У 141,14 млрд сўмлик бошланғич нарх билан савдога қўйилган.
Ушбу лот бўйича залог пули миқдори 4,23 млрд сўмни, аукционнинг биринчи қадами эса 7,057 млрд сўмни ташкил этади. Объект 0,52 гектар майдонда жойлашган. Тўрт қаватли бинодаги хоналар майдони 8232 квадрат метрдан иборат.
Ушбу объект негизида ҳам харидор нодавлат таълим муассасаси ташкил этиши лозим бўлади. Бинони 2027 йил 31 декабргача — университетнинг Янги Тошкентдаги кампуси тайёр бўлишига қараб бўшатиш режалаштирилган.
Иккала объект ҳам коммуникацияларга уланган. Лотлар бўйича савдолар 2026 йил 20 июлда бошланган.
Аввалроқ Низомий номидаги Миллий педагогика университетининг Чилонзор туманидаги (метронинг «Чилонзор» бекати яқинидаги) бинолар мажмуаси 886,6 млрд сўмлик бошланғич нарх билан сотувга қўйилган эди.