
Марказий Осиёнинг энг йирик олтин қазиб олувчи компанияси ва дунёда олтин ишлаб чиқариш бўйича 4-ўринда турадиган Навоий кон-металлургия комбинати (НГМК) 2024 йилги молиявий натижаларини халқаро молиявий ҳисобот стандартлари (ХМҲС) бўйича эълон қилди.
НГМК бошқарув кенгаши раиси — бош директори Қувондиқ Санақулов таъкидлашича, компания тарихидаги энг юқори даромадга эришган.
«Инвестицион лойиҳалар фаоллашгани туфайли сўнгги 8 йилда компания томонидан умумий қиймати 3 миллиард доллар бўлган 24 йирик инвестицион лойиҳа амалга оширилди. Бу 2026 йилгача мўлжалланган ишлаб чиқариш дастурини 2024 йилнинг ўзида — белгиланган муддатдан икки йил олдин бажариш имконини берди. Шу билан бирга, НГМК соҳада энг паст харажатли ишлаб чиқарувчилардан бири сифатида ўз мавқеини сақлаб қолмоқда ва компаниянинг барқарор ўсишига инвестиция киритмоқда», — деди у.
2024 йил якунига кўра, олтин ишлаб чиқариш ҳажми 3,10 миллион трой унцияни (96,4 тонна) ташкил қилди, бу 2023 йилга (2,94 миллион унция / 91,4 тонна) нисбатан 5,4% га кўп. Бундай ўсишга янги кон қазиб чиқариш ва қайта ишлаш қувватларининг ишга туширилиши туртки бўлди.
Даромад 29,5% га ошиб, 7,4 миллиард долларни ташкил этди (2023 йилда — $5,7 млрд), бу компания учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади.
Қайта ҳисобланган EBITDA 4,6 миллиард долларга (+39,4%) етди, EBITDA бўйича рентабеллик эса 62% ни ташкил қилди (бир йил олдин — 58%).
Соф фойда 44,6% га ошиб, 1,48 миллиард доллардан 2,14 миллиард долларга етди. Бу дунё бозорида олтиннинг ўртача нархи ўсиши билан боғлиқ — 2024 йили бир трой унция учун ўртача нарх 23% га кўтарилиб, 2389 долларни ташкил қилди (2023 йилда — $1943), деб хабар бермоқда Лондон қимматбаҳо металлар бозори уюшмаси (LBMA).
Ишлаб чиқариш бўйича умумий пул харажатлари (AISC) бир унция учун 979 долларни ташкил қилди, 2023 йилда эса бу кўрсаткич 866 доллар эди. Бу кўрсаткичнинг ўсиши, асосан, олтин сотувидан олинган даромад кўпайиши фонида қазиб олиш учун ижара (роялти) тўловлари, тош массасини олиб чиқиш ҳажми ортиши билан боғлиқ ёнилғи харажатлари ва маош харажатлари ўсиши билан боғлиқ.
Ривожланиш учун киритилган инвестициялар 914 миллион долларни ташкил қилди, бу 2023 йилга нисбатан 34,6% га кўпроқ.
Қарз юки (соф қарзнинг EBITDAга нисбати) 0,7x дан 0,5x гача камайди, бу компаниянинг юқори молиявий барқарорлигидан далолат беради, дейилади баёнотда.
2024 йилда НГМК 1 миллиард долларлик еврооблигацияларининг биринчи чиқарилишини муваффақиятли амалга оширди. Бу икки траншга бўлинди — ҳар бири 500 миллион доллардан, тўлаш муддатлари 4 ва 7 йил.
Сўнгги 8 йилда НГМК умумий қиймати 3 миллиард долларга тенг бўлган 24 йирик инвестицион лойиҳани амалга ошириб, ўзини олтин бозоридаги глобал ўйинчи сифатида мустаҳкамлади.
Компания ҳақида
НГМК — дунёда олтин ишлаб чиқариш бўйича 4-ўринда туради. 2024 йилдаги йиллик қазиб олиш ҳажми 3,1 миллион унцияни ташкил этади. Унинг умумий минерал-хом ашё захираси 148 миллион унцияни ташкил қилади.
Компания фаолият юритадиган руда конлари орасида Мурунтау-Мўйтанбой бор — бу дунёдаги энг йирик олтин конларидан бири бўлиб, 100 миллион унциядан ортиқ ресурс захирасига эга.
Компаниянинг бизнес-модели геология-қидирув ишлари, рудник қурилиши, қазиб олиш, қайта ишлаш, олтинни аффинаж қилиш, шунингдек, кончилик ускуналарини ишлаб чиқариш ва таъмирлашни қамраб олади.
НГМКда 12 та асосий кончилик корхонаси ва 9 та қайта ишлаш корхоналарида жами 47 мингдан ортиқ ходим фаолият юритади.
Ўтган йили S&P агентлиги илк бор Навоий кон-металлургия комбинатига кредит рейтингини берди. 2023 йилда НГМК дунёда 90,2 тонна олтин ишлаб чиқариб, 4-ўринни эгаллади. Бироқ, сув ресурсларига боғлиқ хавфлар ва ягона конга боғлиқлик хавфи бор, дейилади ҳисоботда.