Ўзбекистонда пиёз нархи ошиши сабаблари изоҳланди

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги янги чиққан ёш кўк пиёз нархи ошиши билан боғлиқ маълумотларга изоҳ берди.

EastFruit — Шарқий Европа ва Марказий Осиёда сабзавот, мевалар, резаворлар ва ёнғоқлар бозори ҳақидаги портал — аввалроқ хабар беришича, Сурхондарё вилоятидаги фермерлар (навқирон (ёш) пиёз етиштиришда асосий ҳудуд) пиёзни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 баравар юқори нархда сотишни бошлаган. Уларнинг маълумотига кўра, фермерлар пиёзни даладан 1 килограммини 5000 сўмдан жўнатмоқда, чакана бозорларда эса нарх 7000–8000 сўмгача етмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, нархнинг ошишига 2024 йил май-июнь ойларида пиёз нархи 1 килограмм учун 500–1000 сўмгача тушиб кетгани сабаб бўлган. Натижада, жорий йилда бир қатор ҳудудларда пиёз экиладиган майдонлар қисқартирилган. Хусусан, Самарқанд вилоятида 14 минг гектарга, Наманганда 8,4 минг гектарга, Навоийда 6,7 минг гектарга, Хоразмда эса 7,6 минг гектарга камайтирилган.

Шу билан бирга, 2025 йилда республикада 1,412 миллион тонна пиёз етиштириш режалаштирилган — бу ўтган йилга нисбатан 12 минг тоннага кўпдир.

Вазирлик пиёз нархи бўйича динамикани ҳам келтирган: 2024 йил 1 апрелда пиёз 5000–6000 сўм бўлган, 7 апрелга келиб эса 3000–3500 сўмга тушган. Жорий йилда эса нарх 7000–8000 сўмдан 4000–5000 сўмга тушган.

Бундан ташқари, ички бозорга омборларда сақланган ўтган йилги ҳосилдан 75 минг тонна пиёз етказилган, яна 46 минг тонна пиёз айни пайтда 2000–3000 сўмдан сотилмоқда.

Кутилишича, 15 апрелдан бошлаб пиёз нархи 2000–2500 сўмгача тушади. Апрелнинг иккинчи ва учинчи ўн кунлигида бозорларга 70 минг тоннадан ортиқ янги ҳосил келтирилади, май ойида эса 90 минг тоннадан ортиқ бўлади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таъкидлашича, ҳар мавсум бошида биринчи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархи вақтинча кўтарилади. Бу ҳолат айрим фермерлар агротехника ютуқларидан фойдаланиб, ҳосилни одатий муддатдан 10–15 кун аввал бозорга олиб чиқиши билан боғлиқ.

EastFruit маълумотига кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик пиёз экспортчиси ҳисобланади. 2024 йилда мамлакат 354,8 минг тонна пиёзни 76,3 миллион долларлик ҳажмда экспорт қилган, бу 2023 йилга нисбатан 19,2% кўпроқдир.

2025 йилнинг январь–март ойларида Ўзбекистон 71 тонна пиёз импорт қилган, бу 3300 долларга тенг. 2024 йилнинг шу даврида эса 5103 тонна пиёз 338,9 минг долларга олиб кирилган, деб хабар беради Божхона қўмитаси.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, март ойида Ўзбекистонда пиёз нархи 1,83% га ошган, бу февраль ойига нисбатан (1,73%) бироз юқоридир.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мониторингига кўра, Қўйлиқ деҳқон бозорида 2025 йил март ойида пиёзнинг энг кам нархи 1500 сўм, энг юқори нархи 2500 сўм бўлган. 7 апрелга келиб эса минимал нарх 2000 сўмга (+33%), максимал нарх 3500 сўмга (+40%) етган. 10 апрелда эса минимал нарх 2500 сўм, максимал нарх 4000 сўм бўлган.