NazoratUz ходимлари ҳибсга олинди, улар товламачиликда гумон қилинмоқда

NazoratUz интернет нашри раҳбари ва ходимлари йирик умумий овқатланиш тармоқлари раҳбарларидан пул товламачилигида гумон қилинмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди (олдиндан тил бириктирган ҳолда гуруҳ бўлиб товламачилик қилиш) бўйича 18 декабрь куни жиноят иши очилган. Ушбу иш доирасида 21 декабрь куни уч нафар шахс ҳибсга олинган. Улар: Ж. И. (раҳбар, 1980 йилда туғилган), О. М. (1989 йилда туғилган) ва Ш. С. (1987 йилда туғилган).

Жорий йилнинг январь ойи ўрталарида ижтимоий тармоқларда ушбу нашр вакилларининг тадбиркорлар билан суҳбатлари акс этган видеолар ва аудиоёзувлар тарқалди. Роликда, ресурс ходимлари умумий овқатланиш нуқталарида овқат сотиб олиб, унга ҳашаротлар (пашша, таракан) қўшгани ва кейин компания раҳбарлари билан боғланиб, Telegram (100 мингдан ортиқ обуначи) ва YouTube (143 минг обуначи) каналларида бу ҳақида маълумот чоп этиш билан таҳдид қилгани айтилган.

Видеода 2022 йил сентябрь ойида Ж. И. тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси кийимида тез тиббий ёрдам марказидан видео ёзиб, пойтахтдаги умумий овқатланиш нуқталаридан бирида овқат истеъмол қилган бир нечта фуқаро касалхонага тушгани ҳақида хабар бергани маълум қилинган. Шундан сўнг, гўёки, бренд вакилларига овқатда пашша топилгани ҳақида материал юборган ва видеони эълон қилиб юбориш билан таҳдид қилиб, пул талаб қилган.

Шунингдек, видеода нашр раҳбари овқатланиш нуқтаси реклама жойлаштириши бўйича сохта келишув тузгани ва 240 миллион сўм олишга уриниш қилгани таъкидланган. Компания 2 ой мобайнида 60 миллион сўм ўтказган. Кейинроқ компания раҳбари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.

Ҳозирда мазкур иш бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда. Тергов якунлангач, суд бўлиб ўтади.