Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 20/04/2026

Наманган ва Фарғона вилоятларида амалдорлар пора олаётган вақтида қўлга олинди

Наманган ва Фарғона вилоятларида мансабдор шахслар иштирокидаги коррупция ҳолатлари аниқланди, деб хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ).

Наманган вилоятида Наманган тумани қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бош меъмори оилавий корхона раҳбаридан 1500 доллар талаб қилганликда гумонланмоқда. У турар жой биносининг бир қисмида қурилган автомобиль ювиш шохобчаси учун лойиҳа ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ҳамда ундан фойдаланиш бўйича қўйилган тақиқни ечишни ваъда қилган.

2026 йил 1 апрель куни у 500 доллар олиб, қолган маблағни тезроқ беришни талаб қилган. Тезкор тадбир давомида амалдор ўз хизмат хонасида яна 1000 доллар олаётган вақтида ушланди.

Қайд этилишича, аввалроқ тадбиркор автомобиль ювиш шохобчасини лойиҳа ҳужжатларисиз қургани учун суд қарори билан 43,3 млн сўм миқдорида жарима тўлаган. Шунга қарамай, мансабдор шахс масаланинг қонуний ечимини таклиф қилмаган.

Фарғона вилоятида Қўштепа тумани камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи ўринбосари маҳаллий фуқарони танишлари орқали Андижон вилоятидаги олий ўқув юртларидан бирининг сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўйиш учун 2000 доллар сўраган. У пулларни олаётган вақтида қўлга олинди.

Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ хабар берилганидек, прокуратура Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Исомиддин Исмоновга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатган эди. У фирибгарлик ва жуда кўп миқдорда пора олиш моддалари бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган.

ДХХ ўз хабарида аниқлик киритишича, у давлат захирасида бўлган 20 сотих ер майдонини танишлари орқали аукционга чиқариш, аукционда ғолиб бўлишни таъминлаш ва ерни тадбиркор номига расмийлаштириб, кейинчалик қурилишга рухсат олиб бериш эвазига 50 минг доллар талаб қилган.