
Наманган вилояти ҳокими Анвар Отахўжаев 2025 йил 12 апрель куни вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Мансур Ғозиев номига хат йўллаб, шаҳар ҳудудидаги ноқонуний радарларни олиб ташлашни сўради.
Хатда айтилишича, камералар орқали жарималарнинг қўлланилиши норозиликнинг кучайишига олиб келмоқда.
«Жамоатчилик ва ёшлар вакиллари томонидан аҳоли билан ўтказилган учрашув ва йиғилишларда автойўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўрнатилган фото ва видеофиксациянинг махсус автоматлаштирилган дастурий-техник воситалари орқали ЙҲҚ бузилиши ҳолатларини қайд этиб, жарималар солинаётгани юзасидан норозилик кучайиб бораётгани таъкидланмоқда. Бу эса ижтимоий тармоқларда мамлакатдаги бошқарувга нисбатан салбий фикрларнинг кўпайишига олиб келмоқда», — дейилади хатда.
Шунингдек, хатда шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги бинолар томида ва ёритиш устунларига қонунбузарлик билан ўрнатилган радарлар фуқароларга моддий ва маънавий зарар етказаётгани қайд этилган.
Хатнинг якуний қисмида Наманган шаҳар ҳамда Давлатобод ва Янги-Наманган туманлари ҳудудида қонунбузарлик билан ўрнатилган камераларни ЙҲХХ ахборот тизимига уланишдан чиқариш ва улар асосида жарималар қўллашни тўхтатиш сўралган.
ЙҲХББ жавоби
Наманган ҳокими Анвар Отахўжаевнинг хатига вилоят ИИБ ЙҲХББ бошлиғи Мансур Ғозиев жавоб берди. Унинг таъкидлашича, камералар йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш ва йўлларда ўлим ҳолатларини камайтиришга хизмат қилмоқда.
Мансур Ғозиевнинг таъкидлашича, ушбу камералар Наманган шаҳар, Давлатобод ва Янги-Наманган туман ҳокимиятларига тегишли хизмат автомобиллари томонидан содир этилган қоидбузарликларни ҳам қайд этган. Умумий ҳисобда улар 134 марта ЙҲҚни бузган.
Хусусан, 50 020 DAV давлат рақамига эга Captiva русумидаги, Наманган шаҳар ҳокимиятига тегишли хизмат автомобили 2024 ва 2025 йилларда 47 марта қоида бузган. Уларнинг 11 таси бўйича 8,17 млн сўм миқдоридаги жарималар ҳанузгача тўланмаган. Шунингдек, ҳокимиятга тегишли яна 4 та машина томонидан содир этилган 41 та қоидбузарлик учун 18,7 млн сўмлик жарималар ҳам ўз вақтида тўланмаган. Давлатобод ва Янги-Наманган туман ҳокимиятларига тегишли 6 та машина томонидан содир этилган 46 та қоидбузарлик бўйича эса 16,3 млн сўмлик қарз мавжуд.
Мансур Ғозиев хатнинг якунида ҳоким Анвар Отахўжаевдан ҳокимиятга тегишли хизмат автомобиллари ҳайдовчилари томонидан ЙҲҚ мунтазам бузилиши ҳолатларини танқидий муҳокама қилиш ва тўланмаган жарималарни ундиришда кўмаклашишни сўраган.