Зилзила қурбонлари Мьянмада 1000 дан ошди

Мьянма ҳукумати жума, 28 март куни содир бўлган 7,7 ва 6,4 баллик ҳалокатли зилзилалар натижасида 1002 киши ҳалок бўлгани ва 2376 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берди.

Ер силкиниши Хитой ва Таиландда ҳам сезилди.

Камида 1002 киши ҳалок бўлди ва 2376 киши жароҳатланди, деб хабар берди AFP агентлиги Мьянма ҳарбий ҳокимиятига таяниб. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони ҳали ҳам ортиши кутилмоқда, чунки вайроналарни тозалаш ишлари давом этмоқда.

Мьянманинг иккинчи йирик шаҳри Мандалайдаги қутқарув хизмати ходими «катта зарар» етказилганини маълум қилди. Кўплаб афтершокларга қарамай, қутқарув ишлари тун бўйи давом этди.

АҚШ Геология хизмати (USGS) маълумотига кўра, жума, 2025 йил 28 март куни Мьянмада 7,7 ва 6,4 магнитудали зилзилалар содир бўлди.

USGS маълумотларига кўра, биринчи ва кучлироқ зилзила 10 км чуқурликда, жума куни маҳаллий вақт билан 12:50 да Мьянманинг марказий қисмида содир бўлган. Иккинчи зилзила тахминан 12 дақиқадан кейин рўй берган.

Зилзиланинг эпицентри Сагайн аҳоли пунктидан 16 км шимоли-ғарбида, мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри бўлган (1,2 млн аҳолига эга) Мандалай яқинида жойлашган.

Бу ҳудуд Мьянма пойтахти Нейпьидодан тахминан 100 км шимолда жойлашган.

Зилзилалар Таиланд ва Хитойда ҳам сезилди.