Муйноқда қудуқ бурғилаш пайтида газ сизиб чиқди

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг хабар беришича, Қорақалпоғистоннинг Муйноқ туманидаги «Муйноқ» газ конида газ чиқиши қайд этилган.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, ҳодиса 2025 йил 26 июль куни 5000 метр чуқурликка мўлжалланган биринчи қидирув қудуғини бурғилаш пайтида содир бўлган. Газ 4707 метр чуқурликдан чиқа бошлаган.

«Қудуқдаги кутилаётган газ босими ошиб кетгани сабабли, барча хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда уни бартараф этиш ва босимни пасайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Ҳодиса жойида «Ўзбекнефтгаз» компанияси раиси раҳбарлигида Марказий ҳарбийлаштирилган нефть ва газ фонтанларининг олдини олиш ва бартараф этиш назорат отряди («Ўзбекнефтгаз» таркибига киради), Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, «Ўзбекгеофизика» АЖ ва маҳаллий ҳокимият мутахассислари ишламоқда.

«Энг муҳими, қудуқ аҳоли пунктларидан узоқда жойлашган, ажралиб чиқаётган газ эса водород сульфиди бўлмаган тоза метандан иборат. Шуни таъкидлаш жоизки, Устюрт минтақасидаги барча конлардан қазиб олинадиган табиий газ таркибида олтингугурт йўқ», — дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Жойда ишлаётган мутахассисларнинг саломатлигига, шунингдек, атроф-муҳит ва ёввойи табиатга зарар еткамаслик учун газ ёқиб юборилмоқда.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, ҳеч ким жабрланмаган. «Аҳолидан хотиржам бўлишларини ва ваҳимага тушмасликларини сўраймиз. Қўшимча маълумот кейинроқ тақдим этилади», — дейилади хабарда.

Ҳодиса юз берган кон «Ўзбекнефтгаз»га тегишли.