
Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов 4 сентябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда мобил операторлар томонидан обуначиларнинг розилигисиз уларни пуллик SMS ва хизматларга автоматик улаш ҳолатлари кўпайганини маълум қилди. Натижада фуқароларнинг рухсатисиз уларнинг ҳисобларидан пул ечиб олинмоқда.
«1 сентябрь ҳолатига кўра, мобил алоқа абонентлари сони 36 млн нафардан ошди. Шу билан бирга, кўрсатилган пуллик хизматлар алоқа операторларининг ўзи томонидан эмас, балки сони 100 дан ошган контент-провайдерлар томонидан кўрсатилмоқда», — деди сенатор.
Унинг сўзларига кўра, бундай компанияларнинг аксарияти телекоммуникация операторлари билан шартномалар асосида ишлайди, бироқ хизматлар учун тўлов абонентларнинг хабардорлигисиз уларнинг ҳисобварақларидан ундирилади. «Бир марталик улангандан сўнг, абонент ҳисобидан кунлик ёки ойлик пул ечиб олиш давом этаверади. Амалиётда бу фойдаланувчиларнинг розилигисиз содир бўлади», — дея таъкидлади Бурхонов.
У, шунингдек, қонунчиликда контент-провайдерлар фаолиятини тартибга солувчи алоҳида нормалар мавжуд эмаслигини, лицензиялаш шартларида эса бундай компанияларга махсус талаблар қўйилмаслигини қўшимча қилди.
Сенатор мисол тариқасида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотларини келтирди — 2024 йилнинг ўзида бу ерга алоқа хизматлари билан боғлиқ 1192 та шикоят келиб тушган. Кўриб чиқиш натижаларига кўра, истеъмолчилар фойдасига 683,2 млн сўм қайтарилган.
«Ҳуқуқий бўшлиқлар туфайли абонентлар кўраётган зарар учун ким жавобгар бўлиши керак? Бу муаммони ҳукумат даражасида ҳал қилиш зарур. Акс ҳолда, аҳамиятсиздек туюлган, лекин аслида имзоланмаган хизматлар учун миллиардлаб маблағларнинг ечиб олиниши жиддий муаммога айланади ва қонунбузарликларга йўл очади», — деди сенатор.
Рақамли технологиялар вазирлиги икки босқичли тасдиқлаш тизимини таклиф қилди
Сенат раиси Танзила Норбоева бу масалани рақамли технологиялар вазири ўринбосари Жамол Мақсудовга юборди. У муаммо мавжудлигини тан олиб, аксарият контент-провайдерлар абонентларни SMS, интернет-ресурслар ва бошқа каналлар орқали жалб қилишини, пул эса тўғридан-тўғри телефон балансидан ечиб олинишини таъкидлади.
«Кўпинча абонент етарлича маълумот олмайди ва қайсидир ҳаволага босиш орқали унинг хоҳишисиз, тасодифан уланиш содир бўлади. Шундан сўнг кунлик ва ойлик пул ечиб олиш автоматик равишда давом этаверади. Хизматни улаш осон, лекин уни ўчириш мураккаб жараён. Бундан ташқари, контент-провайдерлар фаолиятини тартибга солувчи алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмас, улар учун лицензиялаш шартларида махсус талаблар йўқ. Илгари бизнес учун қулайликлар яратиш мақсадида кўплаб мажбурий шартлар бекор қилинган эди», — деди вазир ўринбосари.
У Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан телекоммуникация хизматларини кўрсатиш бўйича янгиланган қоидалар лойиҳаси тайёрланганини маълум қилди. Ҳужжат пуллик хизматларга икки босқичли уланишни назарда тутади:
- хизмат ҳақида тўлиқ маълумот бериш (тури, мазмуни, ташкилот);
- абонентнинг розилигини тасдиқлаш (SMS, USSD-код, қўнғироқ ёки адаштириб юборишни истисно этувчи бошқа усул орқали).
Автоматик уланиш тақиқланади.
Мақсудовнинг сўзларига кўра, лойиҳа барча манфаатдор идоралар билан муҳокама қилинмоқда ва келишилгандан сўнг Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади, унинг қабул қилиниши эса юқорида қайд этилган муаммони бартараф этади.
Сенат раисининг сўзларига кўра, бу масала аввал кўтарилмаган ва жамоатчилик фикрини ўрганиш натижасидир. «Йиллар ўтди, бу масалани ҳеч ким кўтармади, шунинг учун сенаторлар уни қўймоқда. Абонентлар ҳатто улар улангани ва уларнинг пули ечиб олинаётганидан ҳам бехабар», — деди.
Рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Қорабоев 2024 йилда 1400 га яқин мурожаат қабул қилинганини, уларнинг 25% контент-провайдерларга тааллуқли эканини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, қўмита Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрламоқда.
Танзила Норбоева масалани қўшимча равишда ўрганиш ва бир ой ичида Сенатга маълумот тақдим этиш зарурлигини таъкидлади. «Янги йилдан бошлаб бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун декабрь ойигача тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш керак», — деди.
Аввалроқ Beeline мобил оператори Рақобат қўмитасининг кўрсатмасини бажариб, абонентларга кунлик абонент тўловига ўтишни мустақил равишда ўчириш ёки фаоллаштириш имкониятини берган эди. Қўмита шунингдек, Ucellга оммавий оферта шартларини қонунларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни мажбур қилган.