Тошкентда давлат муассасалари ходимларига миллий либос кийиш тавсия қилинди — ҳоким қарори

Тошкент ҳокими Шавкат Умрзоқов 2025 йил 21 январь куни пойтахтда миллий анъаналарни оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида қарор имзолади.

Ҳужжатга кўра, шу мақсадда ишчи гуруҳ ташкил этилди. Унга Тошкент ҳокимининг ўринбосари — Оила ва аёллар масалалари бошқармаси бошлиғи Шаҳноза Султонова раҳбарлик қилади. Шунингдек, «Миллий Тошкент» лойиҳасини амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланди.

Тошкент шаҳрида миллийликни кент тарғиб қилиш бўйича Тошкент шаҳар ишчи гуруҳи таркиби

Ишчи гуруҳ қуйидаги ишлар билан шуғулланади:

  • миллий кийимлар ва анъаналарни оммалаштиришга қаратилган материаллар тайёрлаш;
  • корхоналар, ташкилотлар ва маҳаллалар билан ҳамкорликни ташкил этиш;
  • миллий анъаналар аҳамиятини мустаҳкамловчи оммавий тадбирларни ўтказиш;
  • миллий либослар ишлаб чиқараётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш;
  • ўқув семинарлари, танловлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш.

Тошкент ҳокимининг ўринбосарлари, бошқармалар ва ташкилотлар, туман ҳокимликларига қуйидагилар топширилди:

  • миллий кийим ва анъаналарнинг ижобий аҳамиятини кенг оммага етказиш учун тарғибот ишларини олиб бориш;
  • миллий либос кийишни қўллаб-қувватлаш, миллий ўзликни тарғиб қилиш ва миллий маданиятни ривожлантириш бўйича моддий ва маънавий рағбатлантириш чораларини кўриш;
  • давлат ва жамоат ташкилотлари, шунингдек, хусусий сектор томонидан ташкил этиладиган маданий, спорт, маърифий ва бошқа тадбирларга аҳолини кенг жалб этиш.

Тошкентдаги давлат муассасалари, бошқармалар ва ташкилотларда ҳар жума «Миллий кийим куни» деб белгиланди. Қўшимча равишда шаҳар ва туман ҳокимликлари, бошқармалар, ташкилотлар, бўлимлар ва бошқа давлат органлари ҳамда муассасалари ходимларига иш кунларида миллий кийим кийиш тавсия этилди (тасдиқланган хизмат кийимларидан ташқари).

Бундан ташқари, барча оммавий тадбирлар (байрамлар, фестиваллар, кўргазмалар, спорт мусобақалари, концертлар ва бошқа тадбирлар) миллий услубда ўтказилади ҳамда уларнинг иштирокчилари миллий кийимларда бўлишлари кўзда тутилган.

Бундай тадбирларда миллий кийимларнинг энг яхши намуналари кўргазмаси, миллий ўйинлар, рақслар ва қўшиқлар билан танловлар ўтказилади, ғолибларга совғалар ва дипломлар топширилади.

Шунингдек, миллий қадриятлар ҳақидаги теледастурлар, мақолалар ва ижтимоий тармоқларда чоп этиладиган материаллар тайёрлаш, «Миллий кийим барчага ярашади» челленджи ҳамда «Миллий анъаналарнинг энг яхши тарғиботчиси» танловини ташкил этиш ва таълим муассасаларида миллий кийимлар, ҳунармандчилик ва санъат тарихи бўйича дарслар ва семинарлар ўтказиш кўзда тутилган.

Тошкент шаҳар Савдо-саноат палатаси бошқармасига қуйидагилар топширилди:

  • миллий кийимлар дўконлари, ҳунармандчилик ярмаркалари ва миллий ошхоналар ривожи учун шарт-шароитлар яратиш;
  • миллий кийимлар тикиш ва дизайн қилиш бўйича ўқув марказлари ташкил этиш;
  • ҳунармандлар учун тренинглар ўтказиш.

Туристлар учун миллий маданият билан танишиш, миллий кийимларда суратга тушиш ва ҳунармандчилик устахоналарига ташриф буюриш имкониятлари яратилади. Туристик йўналишларга миллий услубда безатилган объектлар қўшилади, меҳмонхона ва ресторанларда кўргазмалар ҳамда танловлар ташкил этилади.

«Миллий Тошкент» лойиҳаси доирасида жамоат транспорти ва транспорт карталарини миллий нақшлар билан безаш, мактабларда намунавий «Миллий синфлар» яратиш, савдо марказлари, бозорлар, боғлар ва музейларнинг фасадлари ҳамда интерьерларини миллий услубда безаш ва бошқа ишлар режалаштирилган.

Қарор миллий ўзликни тарғиб қилиш, миллий маданиятни сақлаш ва ривожлантириш, ўзбек халқи бой меросини ёш авлодга етказиш, шаҳар аҳолисининг маданий савиясини ошириш, шунингдек, шаҳар ҳаётида миллий анъаналарнинг ролини мустаҳкамлашга қаратилгани айтилади.