Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги Миллий статистика қўмитасига айлантирилмоқда. 2025 йил 24 февраль куни президент томонидан имзоланган фармонда назарда тутилган, дея хабар беради Адлия вазирлиги.
Ҳужжат билан статистика ишларининг самарадорлигини янада ошириш бўйича қуйидаги устувор йўналишлар белгиланди:
- макроиқтисодиёт ва тармоқлар даражасида статистик кузатув усулларини халқаро стандартларга мувофиқ янгилаш;
- маълумотларни интеграция қилиш орқали статистик ҳисобот ҳажмини қисқартириш ва бизнес юкламасини камайтириш;
- «маҳалладaн республикагача» тамойили асосида статистика йиғиш тизимини яратиш орқали маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш.
2025 йил охиригача «Ҳудудий статистика» ахборот тизимини ишга тушириш режалаштирилмоқда.
2025 йил якуни бўйича ҳисобот давридан бошлаб, йиллик статистик ҳисобот топшириш мажбурияти микрофирмалар ва ўртача ходимлар сони 5 кишидан кам, йиллик даромади эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 2000 бараваридан (750 млн сўм) ошмайдиган кичик корхоналар учун бекор қилинади. Улар статистик ҳисоботни ҳар уч йилда бир марта топширади.
Қўмита тузилмасида Миллий статистикани трансформация қилиш бўйича офис ташкил этилади.
У қуйидаги йўналишлар бўйича янги усулларни жорий этиш билан шуғулланади:
- аҳоли даромадлари ва уларнинг манбалари тўғрисидаги маълумотларни ҳам ички, ҳам ташқи фойдаланувчилар учун баҳолашни яхшилаш;
- микро даражада маълумотларни йиғиш усулларини ишлаб чиқиш ва статистик кўрсаткичларни шакллантириш;
- статистикадан фойдаланувчилар билан самарали алоқа ўрнатиш (мижозларга йўналтириш).
2026 йил 1 январдан бошлаб статистика органларида сунъий интеллект асосида интерактив хизматлар ишга туширилади. Уларга қуйидагилар киради:
- корхоналар ва ташкилотларга ҳисобот топширишда ёрдам берувчи «Маслаҳатчи» хизмати;
- статистик маълумотларни тезкор излаш учун «Таҳлилчи» консултатив хизмати;
- телефон орқали статистик сўровлар ўтказиш учун колл-марказ.
2025/2026 ўқув йилдан бошлаб қўмитанинг Тошкент давлат иқтисодиёт университетида иқтисодий статистика кафедраси филиали очилади.
2025 йил 1 июлдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларни рўйхатдан ўтказиш улар учун рухсат этилган фаолият турлари ва умумдавлат иқтисодий фаолият турлари классификаторига асосланган ҳолда амалга оширилади.
Фармон билан шунингдек, Миллий статистика қўмитаси ва Республика статистика кенгаши тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 24 февраль куни Президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг янги директори этиб Беҳзод Ҳамраев тайинланди. У бунгача беш йил давомида Марказий банк раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган.
Аввалги Статистика агентлиги директори Баҳодир Бегалов эса деярли 8 йиллик фаолиятидан сўнг январь ойида лавозимидан озод этилган эди.