Ўзбекистонда мактаб таълими сифати қандай оширилиши маълум қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 21 апрель куни мактаб таълими сифати ва ўқитувчилар тайёргарлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бугунги кунда мамлакатда 15 та давлат ва 61 та нодавлат педагогик йўналишдаги олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Аммо уларнинг илмий салоҳияти бор-йўғи 40% атрофида эканлиги қайд этилди.

Таълим йўналишларининг асосий қисми ижтимоий фанларга тўғри келмоқда, аниқ ва табиий фанлар бўйича ўқитувчилар тайёргарлиги эса паст даражада қолмоқда. Бундан ташқари, талабаларнинг 40% сиртқи шаклда таҳсил олмоқда.

Шу муносабат билан Тошкент давлат педагогика университетини трансформация қилиш ва Ўзбекистон Миллий педагогика университетини ташкил этиш, шунингдек, «Келажак ўқитувчилари» лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

«Янги Ўзбекистон» университетида айни пайтда 40 дан ортиқ хорижлик ва 30 нафар юртдош мутахассислар фаолият юритмоқда. Талабалар лойиҳалари 24,3 млрд сўм грантлар ютиб олди. Улар имкониятларидан фойдаланиб муҳандислик, рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва тиббиёт соҳаларида мутахассислар тайёрлаш кучайтирилади ва янги лабораториялар ташкил этилади.

Фан, таълим ва амалиётни интеграция қилиш мақсадида мазкур университетда замонавий клиника ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Бунинг учун Германиянинг илғор тажрибаси ўрганилади.

Таълим сифати баҳолаш учун халқаро методикалар жорий қилинмоқда. Жорий йилда 15 ёшли 9000 нафар ўқувчининг билими халқаро PISA дастури доирасида баҳоланади.

Айни пайтда мамлакатдаги 2000 та мактаб юқори юклама билан ишламоқда. Давлат бюджети ҳисобидан жорий йилда 112 мингта янги ўқувчи ўрни яратилади. Аҳоли сони ортиб бораётгани сабабли мактабларга талаб ошиб бормоқда. Шу боис Ислом тараққиёт банкидан 200 миллион доллар жалб қилиниб, ҳудудларда 58 та замонавий мактаб қурилиши режалаштирилмоқда.

Таҳлилларга кўра, мактаб ўқувчиларининг 80% интернет ва ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланмоқда. Болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш чоралари кўрилаётган бўлса-да, миллий тарбиявий контент яратадиган муаллифлар сони кам эканлиги таъкидланди.

Шу муносабат билан болалар учун хавфсиз ахборот муҳитини яратиш, миллий контент ҳажмини ошириш ва иқтидорли муаллифларни қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берилди.

58 та янги мактаблар ташкил этилади

Аввалроқ хабар қилинганидек, Ислом тараққиёт банки GPE билан ҳамкорликда SmartED дастури доирасида Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш учун 160,25 миллион доллар ажратади.

Лойиҳа таълим сифати ва таълим шарт-шароитларини яхшилашга қаратилган бўлиб, қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Инклюзив муҳит, лаборатория жиҳозлари, мебель ва рақамли инфратузилмага эга 58 та замонавий мактаб қурилиши;
  • Бутун мамлакат бўйлаб 2431 та янги ўқув синфлари ташкил этилиши;
  • Янги ўқув дастурлари ва материалларини ишлаб чиқиш, таълимда компетенцияга асосланган ёндашувга ўтиш;
  • Ўқитувчиларни тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш ва уларнинг малакасини ошириш;
  • Ўқувчилар ва мактаблар самарадорлигини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш;
  • Барча ўқувчилар учун тенг имконият яратадиган инклюзив таълим моделларини жорий этиш.

2026 йилгача Ўзбекистондаги барча ўқувчиларга компетенциявий, инклюзив ва ҳисобдор таълим тизими доирасида сифатли таълимга етарлича имконият яратилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг мақсади — мамлакат бўйлаб ўқувчиларнинг билим даражасини ошириш учун барқарор ва самарали таълим муҳитини шакллантириш.