
Ички ишлар органлари Ўзбекистон Миллий гвардиясининг икки нафар ходимини пора эвазига фуқароларни ишга жойлаштиришни ваъда қилганликда айблаб қўлга олди, деб хабар беради ЎзА.
Тошкент шаҳри Олмазор тумани Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармаси бўлими отрядининг командири, катта лейтенант Т.А. ўзининг юқори лавозимли танишлари орқали бир фуқарони ишга жойлаштиришни ваъда қилган.
У Мирзо-Улуғбек туманидаги «Экобозор» савдо мажмуаси автостоянкасида 5500 долларни олган вақтда далили билан қўлга олинди.
Шунингдек, Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси қошидаги соғломлаштириш лагери раҳбари, подполковник А.Р. фуқарони ўзининг мансабдор танишлари ёрдамида ишга жойлаштиришни ваъда қилган.
Маълумотларга кўра, у фуқарони вилоятдаги Миллий гвардия қўриқлаш бўлинмаларидан бирига ишга жойлаштирмоқчи бўлган. У ҳам 1500 долларни олган вақтида қўлга олинди.
Ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси 28-модда орқали (пора беришда ҳамтовоқлик) бўйича жиноят ишлари қўзғатилди. Улар қамоққа олинди. Тергов ишлари давом этмоқда.