
Россия Федерацияси ишчи кучи танқислиги шароитида узоқ муддатли истиқболда мигрантлар меҳнатига жиддий таяниб қолмайди. Бу ҳақда РФ Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников 2025 йил 17 сентябрь куни Бутунироссия меҳнатни муҳофаза қилиш ҳафталигининг ялпи мажлисида маълум қилди. Унинг сўзларини ТАСС келтирмоқда.
«Агар биз меҳнат танқислиги шароитида ривожланадиган бўлсак, вазият туфайли мигрантларни жалб қилиш, албатта, зарур. Лекин биз бошлаган жараённи якунлашимиз керак — бунда биз миграцияга «келди, ишлаб кетди» тамойили асосида ёндашамиз», — деди Решетников.
«Ҳаммаси ҳалол: бошқа мамлакатлардан келишади, пул ишлашади, пулни олишади ва кетишади. Бизга бу ерда оилалар керак эмас, уларни [мактабларда] ўқитишга ҳам мажбур эмасмиз (ўз фуқароларимиз бўлмагани учун)», — дея баёнот берди РФ Иқтисодий ривожланиш вазирлиги раҳбари.
2025 йил сентябрь ойи бошида РФ Давлат Думасига меҳнат мигрантларига ўз оилаларини олиб келишни тақиқлашни таклиф қилувчи қонун лойиҳаси киритилган эди. Россия депутатларининг фикрича, меҳнат мигрантлари оилаларининг мамлакатда бўлиши давлатнинг ижтимоий инфратузилмасига, шу жумладан таълим муассасалари ва соғлиқни сақлаш тизимига катта юк келтиради.
2025 йил август ойида Россия Меҳнат вазирлиги 2026 йилда, жумладан, қурилиш ва умумий овқатланиш каби тўққизта тармоқда хорижий ишчилар улушини камайтиришни таклиф қилган эди. Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари чакана савдоси соҳасида хорижликларни ёллаш тақиқланиши мумкин.
2025 йил апрель ойидан бошлаб Россияда рус тилини билмайдиган мигрантларнинг фарзандларини мактабларга қабул қилишни тақиқловчи қонун кучга кирди. Мактабга қабул қилиш учун рус тилидан билим даражасини аниқлаш бўйича тестни муваффақиятли топшириш талаб этилади.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Москва ва Москва вилоятига ишлаш учун келаётган Ўзбекистон ва яна саккизта давлатдан бўлган мигрантлар «Амина» мобил иловасини ўрнатишга мажбур қилинди. Ушбу илова уларнинг геолокациясини Россия Ички ишлар вазирлигига юборади.
Россия ҳукумати 2024 йилда «Крокус Сити Ҳолл»даги терактдан сўнг миграция сиёсатини қатъийлаштиришни бошлади, унда айбдор деб тожикистонлик муҳожирлар аталган эди. Август ойида Москва суди ушбу иш бўйича суд жараёнини бошлади.

