Тошкентда меҳмонхонада россиялик журналист аёл вафоти иши бўйича тўрт киши айбланмоқда

Россиялик журналист Инесса Паперная ва унинг ҳамроҳи, шунингдек, бир ўзбекистонлик шахснинг Тошкентдаги меҳмонхонада вафот этиши бўйича жиноий иш доирасида тўрт нафар айбланувчи қўлга олинди. Уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди, деб хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳайёт Шамсутдинов «Газета.uz»га.

Унинг сўзларига кўра, мазкур иш бўйича тергов давом этмоқда.

Kun.uz маълумотларига кўра, қўлга олинганлар — Karaman Palace Hotel меҳмонхонаси эгаси, иссиқлик қозони сотувчи икки шахс ва уни ўрнатган сантехник. Экспертлар қозонни эски деб топишган ва уни ўрнатишда қоидалар бузилганини аниқлашган.

Тергов идораларидаги манба маълумотларига кўра, меҳмонхона эгаси А. Хўжақулов, сотувчилар З. Жамолдинов ва А. Юсупов, шунингдек, сантехник Н. Қурбонов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми «а» банди (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизмат кўрсатиш) бўйича айбланмоқда.

Тергов ҳужжатларида кўрсатилишича, сотувчилар З. Жамолдинов ва А. Юсупов Karaman Palace Hotel меҳмонхонаси эгасига эски ва техник жиҳатдан яроқсиз иссиқлик қозонини сотишган. Улар сантехник Н. Қурбонов билан биргаликда ускунани қоидаларни қўпол равишда бузган ҳолда ўрнатишган: қозон конструкцияси ўзгартирилган, конденсат чиқариш тизими сифонсиз ҳолда тўғридан-тўғри канализацияга уланган, тутун чиқариш тизими техник ва меъёрий талабларга зид равишда ўрнатилган.

Суд-тиббий экспертизасига кўра, россиялик Инесса Паперная (47 ёш) ва Максим Радченко (45 ёш), шунингдек, ўзбекистонлик Хушнуд Ўдековнинг (48 ёш) ўлимига ис гази ва сулфид водород гази билан кескин заҳарланиш сабаб бўлган.

Республика комплекс техник экспертизаси хулосасида эски ва носоз иссиқлик қозонларидан фойдаланиш ҳамда уларни сифонсиз ҳолда канализацияга улаш газ чиқиши хавфини ошириши ва заҳарланиш ҳолатларига олиб келиши таъкидланган. Шунингдек, ускуналар вентиляция ва кондиционер талабларига зид равишда ўрнатилгани қайд этилган.