Марказий банк раиси: “Энергетика секторида тарифлар ислоҳотининг иккинчи ва якуний босқичини якунладик”

Ўзбекистонда инфляция даражаси ҳамон юқори бўлиб қолмоқда, бироқ 2025 йил охиригача у 8%гача секинлашиши мумкин. Бу ҳақда 2025 йил 2 май куни Халқаро валюта жамғармаси конференциясида Марказий банк раиси Тимур Ишметов маълум қилди.

“Афсуски, бизда инфляция даражаси ҳали ҳам юқорилигича қолмоқда – ҳозирда йиллик ҳисобда қарийб 10%ни ташкил этмоқда. Бу асосан нархларни эркинлаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотларнинг ўтказилиши билан боғлиқ. Фақат 2025 йил 1 май куни биз энергетика секторида тарифлар ислоҳотининг иккинчи ва якуний босқичини якунладик. Биз бошқа маъмурий тартибга солинадиган секторларда нархларнинг ўсишини кутмаймиз ва энди инфляцияни пасайтириш бўйича ишга эътибор қаратишимиз мумкин”, – деди у.

У ХВЖ (Халқаро Валюта Жамғармаси) ҳисоботига таяниб, Ўзбекистон “фавқулодда глобал сиёсий ноаниқлик”ка дуч келаётганини таъкидлади.

“Бу ҳақиқатдан ҳам шундай. Бу бизни ташвишга соладиган нарса. Бироқ, ҳатто мураккаб вазиятда ҳам ижобий томонлар бор. Масалан, олтин нархининг ошиши биз учун яхши ва биз бундан фойдаланишимиз керак. Бундан ташқари, бизнинг савдо балансимиз яхшиланди – ҳатто олтинни чиқариб ташласак ҳам, савдо баланси яхшиланишни кўрсатмоқда”, – деди Ишметов.

Унинг сўзларига кўра, валюта курси билан боғлиқ вазият барқарорлигича қолмоқда ва аввалги йиллардаги каби хавф туғдирмаяпти.

“Биз курсга босим ўтказиши мумкин бўлган хавфларни кутмаймиз. Бу ижобий ҳолат, чунки аввал миллий валюта девальвацияси биз учун доимий хавф эди. Ҳозирда биз бу йилда ҳам, келаси йилда ҳам бундай хавфларни кўрмаяпмиз ва бу инфляциянинг пасайишига ёрдам беради”, – дея қўшимча қилди регулятор раҳбари.

Тимур Ишметов 2025 йил Марказий банк учун инфляция бўйича “бир қатор мураккаб йиллар”нинг охиргиси бўлишига умид билдирди. Йил охиригача Марказий банк инфляцияни 8%гача пасайтиришга, келгуси йил бошидан эса 6%лик мақсадли даражага чиқишга умид қилмоқда.

Сақланиб турган ноаниқлик ва ташқи чақириқларга қарамай, Марказий банк аҳоли ва бизнес учун молиялаштиришга киришни яхшилашга эътибор қаратишни тўғри деб ҳисоблайди.

“Бу микропруденциал тартибга солишни жорий этишни, молиявий имкониятларни кенгайтиришни ва айниқса ташқи бозорда қарз олиш қимматлашаётган шароитда ички талабга таянишни назарда тутади. Биз ички ўсиш манбаларига ва ўз имкониятларимизга кўпроқ эътибор қаратишимиз керак”, – деди у.

2024 йил 1 майдан, аввалги оширишдан беш йил ўтгач, энергия истеъмолининг ижтимоий меъёрлари жорий этилди. Ўшанда аҳоли учун ижтимоий меъёр доирасидаги электр энергиясининг базавий тарифи 1 кВт/соат учун 295 сўмдан 450 сўмга (+52,5%), газ эса 1 куб метр учун 380 сўмдан 650 сўмга (+71%) ошган эди. Истеъмол ҳажми ошганда тарифлар сезиларли даражада ошади.

2025 йил 1 майдан тарифларнинг янги оширилиши юз берди. Электр энергиясининг базавий нархи яна 33,3 фоизга ошиб, 1 кВт/соат учун 600 сўмга етди, газ нархи эса 53,8 фоизга ошиб, 1 куб метр учун 1000 сўмни ташкил этди.

2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонда электр энергияси ва газ тарифлари ҳар йили 1 майдан инфляцияни ҳисобга олган ҳолда, лекин 10%дан ошмаган миқдорда оширилади, гарчи келгуси йилдан бошлаб уларни камида уч йилга ўзгармас бўлиши режалаштирилган эди.

Ўзбекистон ҳукумати аввалги ва янги тарифларнинг оширилишига қарамай, газ ва электр энергияси нархларини субсидиялашни давом эттиришни режалаштирган эди. 2025 йилда давлат бюджетидан газ, электр энергияси ва иссиқлик таъминоти учун субсидия сифатида 12,3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг сўзларига кўра, бу амалиётни фақат 2028 йилдан бошлаб тўхтатиш режалаштирилган.