
“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти матбуот эркинлигининг йиллик рейтингини (2025 йилги Бутунжаҳон матбуот эркинлиги индекси) эълон қилди.
Ўзбекистон ўтган йилги каби 180 мамлакат орасида 148-ўринни эгаллади, бироқ мамлакатнинг умумий балли пасайди — 37,27 дан 35,24 га. Пасайиш барча кўрсаткичлар бўйича қайд этилди: сиёсийдан ижтимоийгача.
Ўзбекистонда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият ҳамон “жуда мураккаб” деб баҳоланмоқда. “Чегара билмас мухбирлар”нинг қайд этишича, “2016 йилда президент Ислом Каримов вафотидан кейин ОАВ учун вазият деярли яхшиланмади… Саноқли мустақил журналистлар қатағон муҳитида ишламоқда, ҳокимият эса блогерларни оммавий равишда сотиб олишга уринмоқда”.
Ҳисоботда айтилишича, Европа ва Марказий Осиёдаги мустақил ОАВ Америка қўллаб-қувватлашининг кескин тўхтатилиши ва Россия пропагандасининг кучайиши фонида “мисли кўрилмаган иқтисодий инқирозга” дуч келмоқда.
“Чегара билмас мухбирлар”нинг фикрича, “Озод Европа/Озодлик” радиоси (RFE/RL) ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг молиялаштирилиши тўхтатилиши аллақачон заиф бўлган секторни, айниқса авторитар режимлар, коррупция ёки уруш билан юзма-юз келаётган мамлакатларда янада заифлаштирди”.
Рейтингдаги бошқа МДҲ мамлакатларининг ўрни:
Озарбайжон — 167
Арманистон — 34
Беларусь — 166
Қозоғистон — 141
Қирғизистон — 144
Молдова — 35
Россия — 171
Тожикистон — 153
Туркманистон — 174
Дунёда
“Чегара билмас мухбирлар”нинг қайд этишича, биринчи марта бутун дунёда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият “мураккаб” бўлиб чиқди. Индекс натижалари 10 йилдан ортиқ вақт давомида ёмонлашиб борди ва 2025 йилда янги қизил чизиқдан ўтилди: барча мамлакатлар бўйича ўртача балл 55 пунктдан пастга тушди.
“Рейтинг тузилганидан буён биринчи марта дунёнинг ярмидан кўп мамлакатларида журналистлар ишлаши учун шароитлар ёмонлашди ва фақат ҳар тўртинчи мамлакатдагина қониқарли бўлиб қолди”, — дейилади ҳисоботда.
“Чегара билмас мухбирлар” шунингдек, журналистларга нисбатан жисмоний зўравонлик матбуот эркинлигига тажовузнинг энг кўзга кўринган шакли бўлиб қолаётган бўлса-да, иқтисодий босим ҳам кам бўлмаган жиддий таҳдид эканлигини қайд этади.
“Мулкнинг тўпланиши, реклама берувчилар ёки ҳомийлар томонидан босим, давлат молиялаштиришининг йўқлиги, чекланиши ёки шаффоф бўлмаган тақсимланиши… ОАВ бугунги кунда таҳририят мустақиллигини кафолатлаш ва иқтисодий омон қолиш ўртасидаги қисқичда қолди”, — дейилади ҳисоботда.
“Чегара билмас мухбирлар” маълумотларига кўра, рейтингга кирган 180 мамлакатдан 160 тасида ОАВ молиявий барқарорликка эриша олмайди, дунёнинг қарийб учдан бир қисмида эса ахборот ОАВлари сурункали иқтисодий қийинчиликлар туфайли мунтазам равишда ёпилмоқда.
Норвегия кўп йиллар давомида матбуот эркинлиги рейтингида пешқадам бўлиб келмоқда. Ундан кейин Эстония, Нидерландия, Швеция ва Финляндия жойлашган.
Рўйхатнинг охирги ўринларида Хитой, Шимолий Корея ва Эритрея бор.
АҚШ 57-ўринни, Буюк Британия 20-ўринни, Франция 25-ўринни, Германия эса 11-ўринни эгаллади.