Ўзбекистон Марказий банки — 2025 йилда иқтисодиёт учун хавф-хатарлар

Марказий банк 2025 йилда Ўзбекистоннинг макроиқтисодий ривожланиши бўйича номаълумликлар ва хавф-хатарларни эълон қилди. Бу ҳақида 2024 йилнинг 4-чораги учун пул-кредит сиёсатига бағишланган ҳисоботда айтилган.

Ташқи номаълумликлар ва хавф-хатарлар

Марказий банк маълумотларига кўра, жаҳонда протекционистик кайфиятнинг ўсиши ва савдо чекловларининг кучайиши глобал етказиб бериш занжирларида муаммоларга олиб келиши мумкин. Бу эса жаҳон инфляциясининг пасайиш тенденциясини ўзгартириб, инфляцион босимнинг узоқроқ сақланиш эҳтимолини оширади.

Бундан ташқари, жаҳон инфляциявий хавфлари кучайган шароитда марказий банклар пул-кредит сиёсатини юмшатишни кечиктириши мумкин, бу эса арзон пулларга эришишни қийинлаштиради.

Давом этаётган геосиёсий таранглик (конфликтлар, санкциялар, савдо урушлари) хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсишига олиб келиши мумкин. Хусусан, жаҳон бозорида озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлаши Ўзбекистонда ички нархларга босимни кучайтириши эҳтимоли бор.

Бундан ташқари, санкциялар хавфининг ошиб бориши ташқи савдо ва пул ўтказмаларига салбий таъсир кўрсатади, чунки ҳисоб-китоблар ва етказиб бериш жараёнлари секинлашиши мумкин.

Ички номаълумликлар ва хавф-хатарлар

Марказий банкнинг ҳисоб-китобига кўра, 2025 йил апрель ойида “энергетика ислоҳотининг” кейинги босқичида юридик шахслар учун энергия тарифларининг ошиши ишлаб чиқариш харажатлари ортишига ва иқтисодиёт субъектларининг инфляциявий кутилмаларининг тезлашишига сабаб бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, 2025 йил апрель ойида газ-конденсатли ёқилғи қуйиш шохобчалари учун табиий газнинг улгуржи нархининг ошиши транспорт харажатлари орқали маҳсулот таннархига таъсир кўрсатиши мумкин.

Шунингдек, иқтисодиётда инвестиция фаоллигининг юқори даражада қолиши ва аҳоли даромадларининг реал ўсиши истеъмол талабини қўллаб-қувватлашда давом этади, бу эса талаб омилларининг инфляцияга таъсирини сақлаб қолишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари яна оширилиши режалаштирилган — бу 2024 йил апрель ойидаги ҳукумат қарорида кўзда тутилган.

Хавфли сценарий

Марказий банк 2025 йил ва 2026-2027 йиллар даври учун пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишларини 2024 йил ноябрда тасдиқлаган. У иқтисодиётнинг асосий, альтернатив ва хавфли сценарийларини ўз ичига олади.

Инфляциявий жараёнларнинг умумий пасайишига қарамай, инфляцияни 2027 йилга қадар 5% мақсадли даражага туширишни секинлаштириши мумкин бўлган ички ва ташқи омиллар мавжудлиги эҳтимоли сақланиб қолмоқда.

Иқлим хавфи

Иқлим шароитларининг ўзгариши қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат нархларига таъсир кўрсатади. Масалан, 2022 йил бошидаги ноодатий совуқ об-ҳаво ишлаб чиқариш кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатган, 2023 йилдаги ноустувор иқлим шароити эса мева-сабзавот ҳосилдорлигини пасайтирган ва нархлар ошишига сабаб бўлган. 2024 йилда эса яхши иқлим шароити озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг тушишига олиб келди (дезинфляция). Келажакда иқлим беқарорлиги инфляцияни кучайтириши мумкин.

Номонетар омиллар

Фаол ислоҳотлар ва тузилма ўзгаришлари вақтинчалик равишда инфляциявий кутилмаларни ошириши ва базавий инфляцияга босимни кучайтириши мумкин. Агар инфляция узоқ муддат давомида юқори даражада қолса, Марказий банк пул-кредит сиёсатини қатъийлаштиришга мажбур бўлади.

Фискал рағбатлантириш

Агар жиддий хавф-хатарлар юзага келса, фискал сиёсатнинг рағбатлантирувчи чоралари кучайтирилиши мумкин, бу эса таклиф чекланган шароитда талабнинг ўсишига олиб келади. Бу қўшимча инфляцион босим яратиб, бюджет дефицити ортишига сабаб бўлиши мумкин.

Энергетика хавфлари

Чекланган ресурслар шароитида энергияга талабнинг ошиши тақчиллик ва узилишларга олиб келиши мумкин, бу эса ишлаб чиқариш харажатларини ошириб, инфляцион босимни кучайтиради. Бундай шароитда пул-кредит сиёсатининг самарадорлиги пасайиши мумкин.

Тарифлар

Сўнгги марта тарифлар 2024 йил май ойида оширилган бўлиб, ўшанда ижтимоий меъёрлар жорий этилган. Базавий (ижтимоий меъёр доирасидаги) тариф 1 кВт·соат электр энергияси учун 295 сўмдан 450 сўмга (+52.5%) ва 1 куб метр газ учун 380 сўмдан 650 сўмга (+71%) оширилган. Истеъмол ҳажми ортиши билан тариф бир неча баробарга кўпайган.

2025 йил 1 апрелдан электр энергияси учун базавий тариф (ойига 200 кВт·соатгача) яна 33.3% га — 450 сўмдан 600 сўмга, газ учун эса 53.8% га — 650 сўмдан 1 000 сўмга ошиши режалаштирилган.

2025 йил апрель ойида электр энергияси ва газ тарифларининг ошиши инфляцияга қўшимча 1.8−1.9 фоиз пункт таъсир кўрсатади. Бу жорий йил учун инфляция прогнозида аллақачон ҳисобга олинган бўлиб, инфляция 7−8% атрофида бўлиши кутилмоқда, деб маълум қилди Марказий банк раиси Тимур Ишметов 2025 йил 23 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Икки карра тариф ошишига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати электр энергияси ва газ нархларини субсидиялашни давом эттирмоқчи. 2025 йилда давлат бюджети ҳисобидан газ, электр энергияси ва иссиқлик таъминоти учун 12.3 трлн сўм миқдорида субсидия ажратиш режалаштирилган. Вице-премьер Жамшид Қўчқоровнинг сўзларига кўра, бу амалиёт 2028 йилдан тўлиқ тугатилиши режалаштирилган.