Йил охиригача магистрал йўлларга туташ 410 та мактабга радарлар ўрнатилади – ЙҲХББ

2025 йил январь-март ойларида мактаблар яқинида вояга етмаганлар иштирокида бирорта ҳам йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилмади. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ЙҲХББ) 2025 йил 13 июнь куни ОАВ вакиллари учун ташкил этилган пресс-турда маълум қилди.

ЙҲХББ маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатда 10 770 та мактаб мавжуд. Ўқувчилар сони қарийб 6,7 миллион кишини ташкил этади.

“Хавфсиз болалик” дастури доирасида мактаблар яқинида 208 та тугмачали светофор ва 217 та кўчма (мобиль) светофор ўрнатилди. Франция тажрибаси асосида 865 та кўтарилган пиёдалар ўтиш жойи жиҳозланди. Мактаблар яқинига 1599 та сунъий нотекислик, 7598 та металл тўсиқ ва 109 та камера ўрнатилди”, – деди ЙҲХХББнинг таълим муассасалари билан ҳамкорлик гуруҳи катта инспектори Фаррух Мирзабоев.

Унинг сўзларига кўра, 5150 та мактабда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш бўйича махсус синфлар ташкил этилган, ўқувчилар учун 42 300 дан ортиқ “хавфсиз йўналиш хариталари” ишлаб чиқилган.

“Йўл бўйлаб жойлашган мактабларга патруль хизмати ходимлари бириктирилган. Улар хизматни соат 7:00 да бошлаб, болаларнинг йўлни кесиб ўтиши учун масъул. Ушбу ишлар натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида мактаблар олдида вояга етмаганлар иштирокида бирорта ҳам ЙТҲ содир бўлмади”, – деди Фаррух Мирзабоев.

ЙҲХХББ хабарига кўра, 2025 йилда “Хавфсиз болалик” дастури доирасида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган:

Магистрал йўлларда:

  • 3224 та йўл белгисини ўрнатиш;
  • 325 км узунликдаги тротуарларни ташкил этиш;
  • 28 та ер ости ёки ер усти пиёдалар ўтиш жойини қуриш;
  • 410 та мактаб яқинига радарлар ўрнатиш.

Шаҳар кўчаларида:

  • 320 та кўтарилган пиёдалар ўтиш жойи ва 650 та сунъий нотекисликни жиҳозлаш;
  • 272 та тугмачали светофор ўрнатиш;
  • 197 км тротуар қуриш;
  • 2491 та мактабда ҳаракат хавфсизлиги бўйича синфлар ишини ташкил этиш.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябрь ойида ЮНИСЕФ Ўзбекистон болалар омбудсмани офиси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда болалар ва ўсмирларнинг аҳволи таҳлилини тақдим этди. Унда йўл-транспорт ҳодисалари натижасида вояга етмаганлар орасида ўлим ва жароҳатланиш ҳолатларининг ўсиши қайд этилган. Батафсил ва долзарб статистиканинг йўқлиги асосий муаммолардан бири сифатида кўрсатилган.

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова болалар учун йўл хавфларини камайтириш бўйича ЙҲХХББ билан иш олиб бормоқда. 2025 йил май ойида ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Шерзод Ибрагимов билан учрашувда у, болаларнинг йўлларда хавфсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кенгайтирилганига қарамай, улар ҳали ҳам етарли эмаслигини ва масала комплекс равишда кўриб чиқилиши кераклигини таъкидлади.