«Формасиз ўқувчилар менга керак эмас». Қаршидаги мактаб директори ўқитувчиларга ота-оналардан пул йиғишни топширган

Қарши шаҳрида мактаб формаси учун ўқувчилардан пул йиғмоқчи бўлган мактаб директори Ф. Шуҳратова

Қарши шаҳридаги 23-мактаб директори Ф. Шуҳратова ота-оналардан мактаб формаси учун пул йиғишни ўқитувчиларга топширгани учун жаримага тортилди. Унинг видео мурожаати ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Telegramдаги мактаб гуруҳида юборилган видеода директор икки синф учун жилетка кўринишида кийим тиктириш жараёнини ташкиллаштиришни ўз ёрдамчиларига топширганини айтди. Бунинг учун ҳар бир ўқувчининг ота-онасидан 70 минг сўмдан пул йиғиш талаб қилинган.

«Синф раҳбарлари, сизларга бугундан топшириқ. Ортиқча гаплар керак эмас. Эсдан чиқарманглар, бу 70 мингни ота-оналар икки кунлик тушлик учун — 35 мингдан беради. Агар чиройли қилиб тушунтирсангиз, улар 70 минг эмас, балки кам таъминланганлар учун ҳам қўшиб, 150 минг жўнатади. Маҳоратингизни кўрсатинг, синф раҳбарлари. Ортиқча гаплар бўлса, мендан ранжиманглар», — деди Шўхратова.

Директор 10 февралгача барча ўқувчилар янги кийимда бўлишини шарт қилиб қўйган. Ота-оналар билан ўқитувчилар қандай келишишлари «уларнинг маҳорат ва фантазияларига боғлиқ» эканлигини таъкидлади.

«Ҳеч ким [жилеткасиз] қолмасин. Агар кимдир бундай кийимсиз бўлса, дарвоза ортига чиқариб ташлайман. Формасиз ўқувчилар менга керак эмас», — деди директор.

Қашқадарё вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси текширув ўтказганини ва директор Ф. Шуҳратова ҳақиқатан ҳам бундай топшириқ берганини тасдиқлади.

Унга нисбатан интизомий жазо сифатида ўртача ойлик иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида жарима қўлланилди (1,406 миллион сўм).

Мактаб жамоасига бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари ўтказилди, синф раҳбарларидан тушунтириш хати олинди.

Бошқарма мактабларда форма учун пул йиғиш қатъиян тақиқланганлигини эслатди ва бундай ҳолатларни кескин қоралашини билдирди.

2018 йил август ойида Ўзбекистон ҳукумати давлат мактабларида ягона мактаб формасини жорий этиш тўғрисида қарор чиқарган эди. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб ушбу форма мажбурий бўлиши керак эди. Бундан бир йил олдин президент бундай таклиф киритган эди.

2019 йил май ойида ота-оналарнинг оммавий норозилиги сабабли, ўша вақтда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари лавозимида бўлган Саида Мирзиёева ягона формани жорий этиш барвақт эканлигини таъкидлаган. Орадан бир ой ўтиб, ҳукумат ушбу қарорни 2024−2025 ўқув йилигача қолдирган.

2022 йил май ойида Вазирлар Маҳкамаси ягона формани 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб жорий қилиш бўйича қарор чиқарган. Бу яна ота-оналарнинг норозилигига сабаб бўлган. Ўша йил октябрь ойида ҳукумат ягона мактаб формасини мажбурий жорий этишни бекор қилган. Янги қарорга кўра, ягона форма жорий этиш ихтиёрий ҳисобланади. Ўқувчилар мактаб низоми, ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига мувофиқ форма кийишлари лозим.