Ўзбекистондаги энг йирик шиша маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси «Кварц» акцияларининг назорат пакети яна давлат тасарруфига қайтди. Бу ҳақида Openinfo.uz порталида эълон қилинган 2025 йил 19 март куни бўлиб ўтган акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши баённомасидан маълум бўлди. Бу ҳақида «КорпИнфо» телеграм-канали хабар берди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳозирда корхона акцияларининг 89,78% улушига эгалик қилмоқда.
Давлатнинг айнан шу улуши 2023 йил феврал ойида «Кувасойцемент» компаниясига 265 миллиард сўмга сотилган эди. Битим доирасида харидор заводнинг 47,2 миллион евро миқдоридаги кредит мажбуриятларини тўлиқ қоплашни ҳам ўз зиммасига олган.
Бироқ, ҳужжатга кўра, «Кувасайцемент» «Кварц» АЖнинг янгиланган боғлиқ шахслар рўйхатидан чиқарилган, яъни компания аввалги улушига эга эмас.
Акциядорлар йиғилишида, шунингдек, кузатув кенгаши аъзоларининг ваколатларини муддатидан олдин бекор қилиш ва янги таркибни тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Янги кузатув кенгаши аъзолари Давлат активларини бошқари агентлиги ва «Ўзсаноатқурилишматериаллари» АЖ раҳбарининг ўринбосаридан иборат.
Бундан ташқари, акциядорлар 2024 йил молиявий фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказиш учун Mezon Audit Perfect компаниясини тасдиқладилар. Аудиторлик хизмати учун тўланадиган энг юқори ҳақ 70 миллион сўм этиб белгиланди. Ушбу компания 2023 йил натижалари бўйича ҳам «Кварц»ни аудит қилган эди.
Ҳозирча «Кварц»нинг давлат назоратига қайтиши хусусийлаштириш битими бекор қилингани (битим бўйича тўлов кечиккан бўлиши мумкин), миллийлаштириш ёки бошқа ҳуқуқий механизм билан боғлиқ экани номаълум.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилиниши мумкин эмас («Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларига кафолатлар тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддаси), шунингдек, инвестицияларни миллийлаштириш тақиқланган («Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддаси).
«Кварц» 1975 йилда ишга туширилган бўлиб, Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёдаги энг йирик корхона ҳисобланади. У шиша идишлар, автомобиллар учун шиша, ёнғинга чидамли ғишт, турли рангли (яшил, кулранг ва бронза) ҳамда полировка қилинган ва мустаҳкамланган шиша ишлаб чиқаради.
2021 йил якуни бўйича «Кварц»нинг соф фойдаси 54,7 миллиард сўмни ташкил этган бўлиб, бу 2020 йилга нисбатан 16,2% кўпдир. 2022 йилда фойда 64,3 миллиард сўмгача ўсган, бу эса янги ишлаб чиқариш линиясининг ишга туширилиши ва ишлаб чиқариш ҳажми ошгани билан боғлиқ.
2024 йилда компания 142 миллиард сўм зарар кўрди (2023 йилда зарар 21,7 миллиард сўм эди). Соф тушум 521,9 миллиард сўмни ташкил этди, бу 2023 йилга нисбатан 1,6% камдир. Маҳсулот таннархи ортиши туфайли корхонанинг ялпи фойдаси 157,5 миллиард сўмдан 19,1 миллиард сўмгача камайган.
Завод Кипрда рўйхатдан ўтган United Cement Group (UCG) саноат холдинги таркибига кирган. UCG Ўзбекистондаги «Қизилқумцемент», «Бекободцемент» ва «Кувасайцемент» заводларига, Қирғизистондаги Қант цемент заводи ва «Технолин» корхонасига эгалик қилади.