
Куз келиши билан ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяди, болаларда иммунитет сусайиши мумкин, бу эса шамоллаш ва мавсумий вирусли касалликлар хавфини оширади. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бош педиатри Дилобар Ҳидоятованинг болалар саломатлигини сақлашга ёрдам берадиган олти тавсиясини эълон қилди.
Қўл гигиенаси
Болалар мактабда, болалар боғчасида ва жамоат транспортида доимий равишда одамлар билан алоқада бўладилар. Бу вируслар тарқалиши учун қулай шароит яратади. Шунинг учун:
- Овқатланишдан олдин ва кейин, шунингдек, ҳожатхонага боргандан сўнг қўлларни совун билан ювиш зарур;
- Ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ) билан касалланганлар билан яқин мулоқотдан сақланиш керак.
Шамоллаганда уйда қолиш
Кузда грипп ва ЎРВИ вируслари ҳаво-томчи йўли билан тарқалади. Шунинг учун, агар болада шамоллаш белгилари пайдо бўлса, у бошқаларга юқтирмаслик учун уйда қолиши керак.
Об-ҳавога мос кийим
Кузда об-ҳаво ўзгарувчан бўлади: бир кун иссиқ, бошқа кун совуқ бўлиши мумкин. Шунинг учун:
- Мавсумга қараб кийиниш керак — на жуда енгил, на жуда иссиқ;
- Ҳўл кийимда юрмаслик ва уни дарҳол алмаштириш керак.
Тўғри овқатланиш ва мустаҳкам иммунитет
Боланинг иммунитетини мустаҳкамлаш учун унинг овқатланишига эътибор бериш муҳим. Рационда қуйидагилар бўлиши керак:
- Кўпроқ мевалар (олма, хурмо, анор), сабзавотлар (карам, лавлаги, брокколи, бақлажон, саримсоқ), кўкатлар, сут ва балиқ маҳсулотлари, товуқ гўшти, тухум, дуккаклилар (ловия, нўхат);
- Иситувчи ичимликлар (занжабил, лимон, асал билан);
- Ширинликлар, газланган ва энергетик ичимликлар, чипс ва сухарикларни чиқариб ташлашмақсадга мувофиқ.
Уйқу ва дам олиш режимига риоя қилиш
Мактаб ёшидаги болаларга суткасига 8-10 соат ухлаш тавсия этилади. Бу иммунитетни мустаҳкамлайди ва ўзлаштиришни оширади. Шунинг учун:
- Болаларнинг эрта ухлашини ва ухлашдан олдин гаджетлардан фойдаланмаслигини назорат қилиш муҳим;
- Болани бир вақтда ётишга ва туришга ўргатиш тавсия этилади.
Шахсий гигиенага риоя қилиш
Бола ҳар куни қуйидагиларни бажариши керак:
- Юз ва қўлларни ювиш;
- Тишларни кунига икки марта (эрталаб ва кечаси) тозалаш;
- Кийимларни мунтазам алмаштириш.
Бош педиатрнинг таъкидлашича, болалар гигиена ва саломатлик қоидаларига қанча эрта ўрганса, шунча соғлом ўсадилар.

