Ўзбекистон Марказий Осиё ва Кавказда криптовалюталарни қабул қилиш бўйича етакчи ўринни эгаллаб, жаҳонда 33-ўринда. Бу ҳақда RISE Research ҳамда Freedom Horizons томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларида маълум қилинди. Тадқиқотда KPMG Caucasus and Central Asia, Heemera, Халқаро молиявий марказ “Астана”, Қозоғистон Миллий тўлов корпорацияси ва Mastercard ҳам иштирок этган.
Тадқиқотга кўра, Ўзбекистонда криптовалюта соҳаси тез суръатлар билан ривожланмоқда. Бу ўсишда ёш ва технологияларга мойил аҳолининг улуши муҳим аҳамият касб этмоқда.
2023 йилда мамлакатда 512.3 мингдан ортиқ шахс криптоактивларга эгалик қилган бўлиб, бу умумий аҳолининг 1.46% ини ташкил этган.
2024 йил октябрь ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистонда криптовалюта хизматлари кўрсатувчи 15 лицензияга эга провайдер фаолият олиб бормоқда. Улар орасида 2 криптобиржа, 3 криптодепозитарий ва 10 криптодўкон мавжуд. Ушбу провайдерлар орқали амалга оширилган молиявий операциялар айланмаси 1 миллиард доллардан ошиб кетган. Шунингдек, 2022 йилдан бошлаб давлат бюджетига 3.6 миллион доллардан ортиқ маблағ тушган.
Ўзбекистон фуқаролари фақат лицензияланган маҳаллий провайдерлар орқали криптовалютага кириш имкониятига эга. Мамлакатда криптоактивлар билан боғлиқ операциялар солиқдан озод қилинган, шунингдек, криптовалюта провайдерлари валюта назорати қоидаларига бўйсунмайди.