Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 21/06/2026

Миграция агентлиги филиалининг собиқ раҳбари Кореяга юбориш учун 90 минг доллар олганлик иши бўйича қўлга олинди

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ бир қатор фирибгарлик ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар берди.

Идора маълумотларига кўра, Фарғона вилоятида Миграция агентлиги вилоят филиалининг собиқ раҳбари Б. Х. 8 нафар фуқародан уларни имтиҳонлардан ўтказиб, Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, 90 минг доллар олган.

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида эса фуқаролар С. А. ва Ш. Х. 22 нафар шахсдан Кореяда ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, 34,2 минг доллар ва 79,3 миллион сўм олгани айтилмоқда.

Жиззах вилоятида муқаддам судланган И. А. департамент маълумотларига кўра, 6 нафар фуқаронинг ишончига кириб, улардан гўёки Кореяга ишга юбориш эвазига 32,25 минг доллар олган.

Гулистонда фуқаро Х. Х. олти кишидан 19 минг доллар олгани хабар қилинмоқда. Процессуал ҳаракатлар доирасида фуқаролардан биридан олинган 6000 доллардан 700 минг сўм қайтарилгани расмийлаштирилган.

Самарқандда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган текширувда фуқаро З. М. А. Г.дан уни Кореяга ишга юбориш ваъдаси учун 12,5 минг доллар олганлик ҳолати аниқланган.

Фарғона туманида фуқаро А. К. департамент маълумотларига кўра, Ж. Ж.дан Миграция агентлигида ишловчи танишлари орқали уни Кореяга юбориши мумкинлигини айтиб, 10 минг доллар олган. Ушбу маблағлардан 3000 доллар қайтарилгани процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Жиззах вилоятида фуқаро Р. А. О. Б.дан уни Кореяга юбориш ваъдаси учун 7000 доллар олган. Ушбу суммадан 100 доллар ва 3,8 миллион сўм қайтарилгани расмийлаштирилгани хабар қилинган.

Ғиждувон туманида муқаддам судланган Б. И. Л. Н.дан юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали уни Кореяга ўқиш ва ишга юбориши мумкинлигини айтиб, 5600 доллар олган.

Фориш туманида фуқаро И. Х. Н. Э.дан Кореяда ишга жойлаштириш ваъдаси учун 4000 доллар олган. Бу маблағлардан 1000 доллар қайтарилгани расмийлаштирилган.

Мазкур фактларнинг барчаси бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар берди департамент.