Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 03/07/2026

Концерт ташкилотчилари ва хусусий театрлар қарийб 10 йилга қатор солиқлардан озод қилинади

Ўзбекистон нодавлат театрлар ва театр-студияларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили 10 млрд сўм ажратади. Бу ҳақда президентнинг 2026 йил 2 июндаги маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида сўз боради.

Ушбу маблағлар ҳисобидан ҳар йили 50 та саҳна асари яратилиши харажатлари, шунингдек, ҳар ойда хусусий бино ижараси харажатларининг бир қисми базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бўлган миқдорда қопланади.

Бунда давлат маданият объектлари нодавлат театрлар ва театр-студияларга спектаклларни намойиш этиш учун асосий ишдан бўш вақтларида тақдим этилади. Бундай майдончалардан ижара ҳақи тўламасдан фойдаланиш мумкин бўлади.

Агар битта томоша залига икки ёки ундан ортиқ талабгор даъвогарлик қилса, ундан фойдаланиш ҳуқуқи танлов якунларига кўра белгиланади.

Солиқ имтиёзлари

2026 йил 1 сентябрдан 2036 йил 1 январгача концерт тадбирларини ташкил этиш, кинематография, болалар учун контент яратиш билан шуғулланувчи компаниялар, нодавлат театрлар ва театр-студиялар, шунингдек, маданият ва санъат йўналишидаги хусусий таълим ташкилотлари солиқ имтиёзларига эга бўладилар. Улар қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи ва мол-мулк солиғидан озод қилинади. Бундай компаниялар ходимлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.

Бундан ташқари, хорижий компанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида киномаҳсулотлар яратишдан олган даромадлари Ўзбекистон норезидентларининг даромадларига тўлов манбаида солиқ солишда солиқ базасига киритилмайди.

Чипталар учун субсидиялар

2026 йил 1 июлдан бошлаб давлат ва нодавлат театрларига театрнинг ўзида сотилган ҳар бир спектакль чиптаси учун 10 минг сўмдан, бошқа ҳудудга сафар қилган ҳолда спектакль намойиш этилганда эса 20 минг сўм миқдорида субсидия ажратилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда (Нукус шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно) концерт-томоша тадбири ташкил этилиб, бир тадбир доирасида 1000 дан ортиқ чипта сотилганда, ташкилотчилар сотилган чипталар қийматининг 20 фоизи миқдорида субсидия олишлари мумкин бўлади.

Театрларга ташриф буюриш учун ваучерлар

2026 йил 1 октябрдан бошлаб давлат бюджети ҳисобидан театр, кино ва концерт тадбирлари учун бепул ваучерлар берилади.

Уларни ҳар йили 500 минг нафар ўқитувчилар, шифокорлар, давлат хизматчилари, фаол ўқувчи ва талабалар, шунингдек, «Ижтимоий реестр»га киритилган 100 минг оиланинг ҳар биридан бир нафардан бола ҳамда ногиронлиги бўлган болалар олишлари мумкин бўлади.

Ваучер қиймати бўйича маблағлар ваучер олувчилар номига очиладиган ижтимоий карта орқали тақдим этилади.