Ўзбекистон ҳарбий суди 2025 йил 12 февраль куни Президент маъмуриятининг собиқ ходими Комил Алламжоновга суиқасд қилиш иши бўйича айбланган 10 кишига нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақида Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Ҳукмга кўра, 2018—2020-йилларда Президент давлат хавфсизлик хизмати ўз хавфсизлигини таъминлаш бошқармасини бошқарган Шуҳрат Расулов 23 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Жавлон Юнусов 18 йил 6 ой, Шоҳруҳ Аҳмедов — 23 йил, Исмоил Жаҳонгиров — 23 йил ва Тошкент шаҳар ИИБ биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Дониёр Тошхўжаев 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Қолган 5 судланувчи ҳам «ўз қилмишларига муносиб равишда» озодликдан маҳрум қилинди. Уларнинг исмлари ошкор қилинмаган.
Комил Алламжонов шу куннинг ўзида, ўзининг Telegram-каналида пост эълон қилиб, шундай деб ёзди:
“Ўтган 5 ой ичида ўзимдан ўтгани фақат ўзимга, оиламга, энг яқинларимга аён. Ҳақиқат эгилганда эгилиб, букилгандаям икки букилиб барибир синмади, у барибир юзага чиқди. Юзага чиқади ҳам”.