Комил Алламжонов атрофидаги шахслар ҳибсга олиниши ҳақидаги қарорлар бекор қилинди

Ўзбекистон Олий суди Комил Алламжонов атрофидаги етти нафар фуқаронинг шикоятларини ревизион тартибда кўриб чиқди. Бу ҳақида суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.

Илгари судлар Б. Ёқубов, С. Сидиқов, А. Қурбонмуродов, А. Ташов, А. Салимов, Ж. Турғунов ва Х. Зуфаровга (қўриқчилар, ҳайдовчи ва бошқалар) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича 15 сутка ҳибсга олиш жазоси тайинлаган эди.

Уларнинг шикоятлари 2025 йил 13 январдан бошлаб кўриб чиқила бошлади. Адвокатнинг айтишича, фуқаролар 15 суткага асоссиз қамалган. Унга кўра, иш суд-ҳуқуқ тизимидаги «кўплаб камчиликларни», шу жумладан, адвокатларга мурожаат қилиш чекланганини даъво қилишган.

Натижада, Олий суд маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлигини тасдиқлайдиган далиллар етарли эмаслиги сабабли, уларга нисбатан чиқарилган суд қарорларини бекор қилди. Иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-банди (ҳуқуқбузарлик содир этилмаган ёки ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд эмаслиги) асосида тугатилди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик факти бўйича далиллар йиғиш чоралари кўрилмагани сабабли, Ички ишлар вазирлигига хусусий тақдимнома юборилди. Шунингдек, ишни кўриб чиқишда далиллар етарли эмаслигига эътибор қаратмаган судьяларга нисбатан Судьялар малака ҳайъатига ҳам хусусий тақдимнома юборилгани маълум қилинди.