Рақобат қўмитаси кўчмас мулк харид қилишда шартномалардаги хавфлар ҳақида огоҳлантирди

Кўчмас мулк харидида хавфлар ва шартномадаги камчиликлар

2024 йил давомида рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига кўп қаватли уйлар қурилиши билан боғлиқ бўлган 1700 га яқин ариза келиб тушган. Кўриб чиқилган аризалар натижасида 20 млрд сўмга яқин сумма истеъмолчилар фойдасига ҳал қилинган.

Қурилиш компаниялари билан тузиладиган шартномаларнинг 129 таси ўрганиб чиқилгандан сўнг, қуйидаги масалалар алоҳида эътиборга лойиқ:

  • 80% шартномаларда қайта ҳисоб-китоб қилишнинг устувор ҳуқуқи қурилиш компанияларига берилган ва фақат 20% ҳолларда бундай ҳуқуқлар иккала томон учун ҳам кўзда тутилган;
  • 58% шартномаларда қурилиш тугагандан сўнг эълон қилинган ва амалдаги майдон ўртасидаги фарқлар юзага келганда қайта ҳисоб-китоб қилиш ҳуқуқи кўзда тутилмаган;
  • 37% шартномаларда квартиралар ичидаги қурилиш ишлари бўйича мажбуриятлар мавжуд эмас;
  • 18% шартномаларда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ёзилмаган;
  • 39% шартномаларда қурилиш объектини топшириш муддатлари кўрсатилмаган;
  • 51% шартномаларда қурувчи томонидан объектни топшириш кечиккан ҳар бир кун учун тўланадиган пеня кўзда тутилмаган;
  • 86% шартномаларда томонларнинг шартномани бекор қилиш ҳуқуқи кўзда тутилган, улардан 59% да фақат қурилиш компанияларининг манфаатлари ҳисобга олинган. 14% шартномаларда бекор қилиш банди мавжуд эмас;
  • 74% шартномаларда бир томонлама шартнома бекор қилинганда харидорга маблағларни қайтариш муддати 30 кундан 180 кунгача, айрим ҳолларда эса 24 ойдан 36 ойгача муддатни ташкил этади. Бунда шартномаларнинг аксариятида шартнома тузилгандан кейин бошланғич тўловни киритиш муддати 30 кундан ошмаслиги кераклиги кўрсатилган;
  • 84% шартномаларда харидор томонидан квартира қабул қилингандан кейин қурувчидан кафолат муддати кўзда тутилмаган;
  • 82% ҳолларда қурилиш компаниясининг кафолат муддати давомида аниқланган нуқсонларни бартараф этиш мажбурияти кўзда тутилмаган.

Қўмитада «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига мувофиқ истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга эканлиги эслатиб ўтилди:

  • маҳсулот (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўлиқ ва ишончли маълумот олиш;
  • маҳсулот (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва тегишли сифатга эга бўлиш;
  • маҳсулот (иш, хизмат)нинг хавфсизлиги;
  • ҳаёт, соғлиқ ва мол-мулк учун хавфли бўлган нуқсонлари бўлган маҳсулот (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ноқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) натижасида етказилган моддий зарар ва маънавий зиённи тўлиқ ҳажмда қоплаш;
  • бузилган ҳуқуқларни ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларни ҳимоя қилиш учун судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш.

Хабарда уй-жой сотиб олишда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланади:

  • шартнома шартлари билан батафсил танишиб чиқиш керак;
  • асосий бандларга алоҳида эътибор бериш (қурилиш ва фойдаланишга топшириш муддатлари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг мутаносиблиги, муддатларни бузганлик учун жавобгарлик кўзда тутилганми);
  • компаниянинг қурилиш тажрибаси ва унинг ишончлилигини электрон реестр ва «Шаффоф қурилиш» тизими орқали текшириш;
  • тўловни фақат банк кассалари орқали амалга ошириш.