Тошкентда кўп қаватли уй-жойга инвестиция рентабеллигининг пасайиши давом этган

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) Тошкентда кўп қаватли уй-жойга инвестиция қилаётганларнинг рентабеллигини таҳлил қилди. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, бундай сармоялардан олинадиган даромад анча камайган.

Хусусан, агар 2024 йил февралда уй-жойни ижарага бериш ва унинг нархи ўзгариши орқали олинган рентабеллик ўртача 32.4% бўлса, октябрда — 12.2%, 2025 йил январь ойида эса у 7.6% га тушиб кетган. Баъзи туманларда ҳатто салбий рентабеллик кузатилмоқда, бу эса сармоядорлар учун эҳтимолий йўқотишларни билдирмоқда.

Рентабеллик энг кўп 1 хонали квартиралар Тошкентнинг Миробод туманида пасайган — 53% дан -1.7% га, 3 хонали квартиралар Бектемир туманида — 33.7% дан -5.5% га, шунингдек, 4 хонали квартиралар ушбу туманда — 37.9% дан -7.3% га камайган.

Бектемир туманидаги 1 хонали квартираларга сармоя киритишдан олинган даромад 46.8% дан 54.3% га ошган.

Чилонзор туманидаги 4 хонали квартиралардан олинган рентабеллик 19.8% дан 16.5% гача камайган, Яккасарой туманидаги 2 хонали квартиралар рентабеллиги эса 24.2% дан 15.1% га пасайган. Бунга қарамай, ушбу сегментларда пасайиш энг кам кузатилган.

Уйлар нархларининг ўзгариши

Яккасарой, Бектемир ва Чилонзор туманларида 2024 йил февралда уй нархларининг ошиши ҳисобидан потенциал даромад 16.1%, 26.9% ва 15.4% ни ташкил қилган. 2025 йил январга келиб, бу кўрсаткичлар кескин пасайиб, 3%, 2.8% ва 0.3% га тушган.

Шайхонтоҳур ва Юнусобод туманларида нархлар пасайган: 35.8% дан -0.8% га ва 30.4% дан -3.4% га.

Ижара нархлари

2025 йил январда ижарадан олинган ўртача йиллик даромад:

  • Миробод тумани — 10% (2024 йил февралида — 10.4%);
  • Мирзо-Улуғбек тумани — 9,9% (10.6%);
  • Шайхонтоҳур тумани — 9.8% (11.6%).
  • Олмазор, Учтепа ва Сергели туманларида ижара нархи камроқ бўлган ҳудудларда, ижарадан олинган даромад 2024 йил февраль ойи билан солиштирганда бироз пасайган — 8.9% га (октябрда 9.1−9.7% эди) тушган.

Илгари фойда ҳисобига 1 ва 2 хонали квартираларга сармоя киритишга катта қизиқиш бўлган. Эндиликда бу турдаги кўчмас мулк камроқ жозибадор бўлмоқда. Агар 2024 йил февралда рентабеллик 35.6% ва 30.8% бўлган бўлса, октябрда — 16.7% ва 12.2% га камайган, 2025 йил январь ойида эса бу кўрсаткичлар 14.3% ва 7.5% га тушган.

3 хонали квартиралардан олинган даромад ушбу даврда 33% дан 5.5% га, 4 хонали квартиралардан олинган даромад эса 30.3% дан 2.9% га камайган. 2024 йил октябрда бу кўрсаткичлар 10.1% ва 9.9% эди.

Кўчмас мулкка сармоя киритиш, банкда депозит очишдан кўра камроқ фойда келтирмоқда

2024 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб уй-жойга сармоя киритишдан олинган даромад банк депозитлари бўйича ўртача ставкадан пастроқ бўлиб қолди. 2023—2024 йилларда:

  • Валюта депозитлари бўйича ўртача ставка 5% атрофида бўлган;
  • Миллий валютадаги депозитлар бўйича — 21−22% оралиғида.

“Ривожланаётган мамлакатларда аҳоли омонатларини кўчмас мулкка сармоя киритиши, уларга қисқа муддатда социал ва иқтисодий барқарорликка ёрдам бериши мумкин. Бироқ, узоқ муддатли келажакда капитал бозорини ривожлантириш ва аҳолига турли хил сармоя киритиш имкониятларини таъминлаш муҳимдир. Бу нафақат омонатларни сақлашга ёрдам бериши мумкин, балки уларни миллий иқтисодиётнинг турли секторларига йўналтиришга имкон беради, бу эса динамик ривожланишни таъминлашга ёрдам беради” – деб таъкидланган ҳисоботда.