Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 5 март куни кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида қарор имзолади.
Ҳужжатнинг мақсади бозор қийматига яқин нархни аниқлаш ва аҳоли ҳамда тадбиркорларнинг иқтисодий активларини кўпайтириш учун қулай шароит яратишдан иборат.
Бу 8 миллиондан ортиқ турар ва нотурар жойлар ҳамда тахминан 7 миллион ер участкалари қийматини иқтисодий актив сифатида белгилаш имконини беради.
Бундан ташқари, кўчмас мулк қийматининг солиққа тортиш, сотиш-сотиб олиш, гаров ва бошқа ҳолатлар учун мувозанатли бўлиши таъминланади.
2025 йилдан бошлаб барча кўчмас мулк объектларини босқичма-босқич оммавий баҳолаш ишлари бошланади:
- 2025−2026 йилларда — тажриба сифатида Тошкент шаҳрида;
- 2026−2027 йилларда — Нукус ва вилоят марказларида;
- 2027 йилдан бошлаб — қолган ҳудудларда.
Бу жараённи ташкил этиш учун Кадастр агентлиги ҳузурида 30 кишидан иборат Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази тузилади.
Марказ давлат бюджети, халқаро грантлар, вақтинча бўш маблағларни жойлаштиришдан тушадиган даромадлар ва бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўчмас мулкни оммавий баҳолаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган этиб белгиланди.
2025 йил 1 ноябрга қадар маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш учун «Кўчмас мулк бозорини мониторинг қилиш» ҳамда объектларни баҳолаш учун «Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш» автоматлаштирилган тизимлари ишлаб чиқилади.
Республика давлат органларига оммавий баҳолаш учун маълумотларни бепул тақдим этиш ва ўз ахборот тизимларини миллий марказ тизимлари билан интеграция қилиш мажбурияти юкланди.
Бундан ташқари, 2025 йил якунига қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Тошкентдаги тажриба натижалари асосида мулк солиғи ва ер солиғи ставкаларини пасайтириш бўйича таклифлар тайёрлаши керак.
2026 йил охирига қадар Тошкентдаги тажриба натижалари, илғор хорижий тажриба ҳамда халқаро экспертларнинг хулоса ва тавсиялари асосида «Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.