Кобул Дусовга озодликни чеклаш ҳукми чиқарилди

Кобул Дусов

Тошкент шаҳар Чилонзор тумани жиноят ишлари бўйича суди 22 ноябрдаги мажлисида Кобул Дусовга нисбатан ҳукм чиқарди. Суд ҳукмига кўра, Дусов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми “а” банди (жабрланувчининг хизмат ёки фуқаролик бурчини бажараётгани муносабати билан уни ҳақорат қилиш) бўйича айбдор деб топилди. Ушбу моддага кўра, айбдор шахсга 400 дан 600 базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)гача жарима, 2 йилдан 3 йилгача тузатув ишлари ёки 1 йилгача озодликни чеклаш жазоси тайинланади.

Мазкур иш бўйича жабрланувчи — мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Фарҳод Боқиев.

Олий суд маълумотига кўра, суд жабрланувчи кўрсатмалари, тўпланган далиллар, жабрланувчиларнинг ариза ва тушунтириш хатлари, гувоҳлар кўрсатмалари, суд-лингвистик экспертиза хулосалари, ижтимоий тармоқлардаги “Кобул Дусов” профили ва Telegramдаги “Kobul Dusov | RASMIY KANAL” каналидан олинган скриншотлар асосида Дусовнинг айбини тасдиқлади. Шунингдек, жиноятга доир бошқа тегишли далиллар ҳам ўрганилди.

Суд Дусовга 1 йиллик озодликни чеклаш жазосини тайинлади (ушбу модда бўйича энг кўп жазо муддати). Бу давр мобайнида у соат 21:00 дан 07:00 га қадар яшаш жойини тарк эта олмайди, интернетдан фойдаланиши, оммавий тадбирларда қатнашиши ва рухсатсиз яшаш жойини ўзгартириши мумкин эмас. Шунингдек, у ҳар ойда яшаш жойи бўйича пробация бўлимига келиб ўзи ҳақида ахборот бериши шарт.