2025 йил 13 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг йиғилишида маҳкумлар билан тарбиявий ишларни самарали ташкил этишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари – ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашрапов таъкидлашича, маҳкумларнинг қонуний хулқ-атвори, инсонга, жамиятга, меҳнатга ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлишини рағбатлантириш нормаларини қонунчиликка киритиш зарур.
Унинг сўзларига кўра, тарбиявий мақсадларда маҳкумларни илмий-оммабоп ва бадиий адабиётлар ўқишга жалб этиш муҳим ҳисобланади. «Чунки бадиий адабиётни ўқиш маҳкумга нафақат ўз ҳис-туйғуларини англаш, балки жамиятдаги бошқа инсонларнинг ҳис-туйғуларини, дунёқарашини ва истакларини тушунишга ёрдам беради», – деди у.
Қонун лойиҳасида Жиноят кодексига маҳкумларни «аҳлоқий тузатиш» мақсадида китоб ўқишга жалб этиш бўйича янги 74−1-модда киритиш таклиф қилинмоқда. Жазони тўлиқ ўташ зарур бўлган маҳкумлар тасдиқланган рўйхатдан китоб ўқиб, белгиланган тартибда имтиҳон топшириш шарти билан ҳар бир китоб учун жазо муддатини 3 кунга қисқартириш имкониятига эга бўлади.
Бундан ташқари, шартли равишда озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш (Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддалари асосида) масалаларини ҳал этишда ҳам маҳкумнинг ушбу дастурда иштирок этгани инобатга олинади.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодекси (536−1-модда) ва Жиноят-ижроия кодексига (80−1-модда) ҳам маҳкумнинг мустақил тарзда тузатилиши учун жазо муддатини қисқартириш ва керакли ўқув адабиётлари билан таъминлаш тартибини белгиловчи ўзгартишлар киритиш режалаштирилмоқда.
Рамазон Ашрапов маълумотига кўра, Ўзбекистондаги 49 та жазони ижро этиш муассасасида жами 230 мингдан ортиқ китоб мавжуд бўлган кутубхоналар бор. Улар орасида 44.7 мингдан зиёд чет тилларидаги китоблар ва Брайль шрифтида ёзилган 209 та китоб ҳам бор.
2012 йилда Бразилиянинг федерал қамоқхоналарида тасдиқланган рўйхатдан китоб ўқиган маҳкумларнинг жазо муддатини тўрт кунга қисқартириш ташаббуси йўлга қўйилган эди. Бироқ бир йилда бу муддат 48 кундан ошмаслиги керак эди. Бунда маҳкумлар ўқиган китоблари бўйича иншо ёзишлари талаб этилган.
Қозоғистонда эса 2021 йилдан бери Қарағанда вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларида тажриба лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унга кўра, маҳкумлар белгиланган рўйхатдан маълум миқдорда китоб ўқиб, уларни комиссия олдида оғзаки ҳикоя қилиши ва иншо ёзиши лозим. Шундан сўнг комиссия маҳкумни рағбатлантириш бўйича хулоса беради, бу эса сақлаш шароитларини ўзгартириш ва муддатидан аввал озод қилиш жараёнига таъсир қилади.