Ўзбекистонда 2028 йилгача кичик ва ўрта бизнес янги талаблардан ҳимоя қилинади

2025 йил 1 июлдан Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун маъмурий жараёнлар соддалаштирилади. Бу ҳақида 2025 йил 19 мартдаги президент фармонида қайд этилган.

Хусусан, 2028 йил 1 январгача кичик ва ўрта бизнес учун янги мажбуриятлар юклаши мумкин бўлган янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тақиқланади.

Янги ёки мавжуд тартибларни кучайтирувчи ҳужжатлар учун «янги қоидалар ягона санадан» тамойили жорий этилади. Яъни, улар фақат йилда икки марта – 1 январь ёки 1 июлдан кучга киради.

Бу енгилликлар фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, шунингдек, Ўзбекистон қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) нормаларига мувофиқлаштириш чораларига тааллуқли эмас.

Бундан ташқари, 2028 йил 1 январгача «Биринчи имконият» тамойили жорий қилинади. Кичик тадбиркорлик субъектлари тижорат ва тадбиркорлик соҳасидаги маъмурий қоидаларни биринчи марта бузган тақдирда, фаолиятининг биринчи йили давомида жавобгарликдан озод этилади.

2025 йил 1 сентябрдан эса кичик ва ўрта бизнес субъектлари ўз ихтиёри билан тугатилганда қуйидаги шартлар бажарилган тақдирда солиқ текшируви ўтказилмайди:

  • сўнгги уч йилдаги умумий даромади 10 млрд сўмдан ошмаган;
  • бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар олдида қарзи йўқ ва мунтазам солиқ ҳисоботларини тақдим этиб келган;
  • «Хавф таҳлили» тизимида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи «паст» даражада баҳоланган.