
Канадада амалдаги Бош вазир Марк Карни бошчилигидаги Либераллар партияси мамлакат парламенти сайловларида ғалаба қозонмоқда, деб хабар бермоқда канадалик телерадиокомпаниялар CBC ва CTV News.
Телевидение маълумотига кўра, партия Қонунчилик палатасида мутлақ кўпчилик — 343 ўриндан 172 тасини оладими-йўқми, ҳозирча аниқ эмас. CTV ҳисоб-китобларига кўра, либераллар 168 та округда етакчилик қилган ёки сайланган, улардан кейинги ўринда 144 округ билан консерваторлар турибди. Агар либераллар кўпчилик ўринни қўлга киритолмаса, уларга кичик партиялардан бири билан келишиб олишга тўғри келади.
CBC таъкидлашича, Карни “кучли мандат” олишга умид қилган, бироқ ҳатто камсонли ҳукумат тузиш имконияти ҳам либераллар учун мўъжиза ҳисобланади. 2024 йил охирида ўтказилган сўровлар Пьер Пуальевр бошчилигидаги Консерватив партия либераллардан илгарилаб кетганини кўрсатган, канадаликлар эса ўшандаги Бош вазир Жастин Трюдодан норози эдилар. Бироқ 2025 йил январь ойи бошида Трюдо истеъфога чиқди, АҚШ билан савдо уруши бошланди ва АҚШ президенти Дональд Трамп Канада 51-штатга айланиши керак, деган изоҳларни доимий равишда бериб борди. Бу сиёсий манзарани тубдан ўзгартирди ва партиялар сайлов кампанияси глобал беқарорлик шароитида Канадани ким яхшироқ бошқара олади, деган курашга айланди, деб ёзади CBC.
Ғалаба нутқида Карни консерваторларга “қатъий кампания” учун миннатдорлик билдирди ва барча канадаликлар учун хизмат қилишга ваъда берди. “Келинглар, ўтмишдаги бўлиниш ва ғазабга барҳам берайлик. Биз — канадаликмиз ва менинг ҳукуматим ҳамма учун ва ҳамма билан ишлайди”, — деди у.
Бош вазир нутқида бир неча бор Канада-Америка муносабатларини тилга олди. “Америка бизнинг ерларимиз, ресурсларимиз, сувимиз, мамлакатимизни истайди. Бу шунчаки таҳдидлар эмас. Трамп бизни синдириб, Америка бизга эгалик қилмоқчи. Бу ҳеч қачон, ҳеч қачон содир бўлмайди. Лекин биз реалликни ҳам англашимиз керак — дунё радикал ўзгарди”, — деди Карни.
У Трамп билан иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларида келгуси муносабатларни муҳокама қилиш ниятида эканини маълум қилди ва бу “икки суверен давлат” ўртасидаги муҳокама бўлишини таъкидлади.
60 ёшли Марк Карни — Гарвард университети битирувчиси ва таниқли иқтисодчи. У 13 йил давомида Goldman Sachs компаниясининг Лондон, Токио, Нью-Йорк ва Торонтодаги бўлимларида ишлаган. Карни 2008–2013 йилларда Жаҳон молиявий инқирози даврида Канада Банкини, 2013–2020 йилларда эса Буюк Британия Банкини бошқарган. У марказий банк раҳбари этиб тайинланган илк чет эллик бўлган. Карни аввал сайлов орқали аниқланадиган ҳеч қандай лавозимда ишламаган ва фақат 2025 йил март ойида Трюдонинг ўрнини эгаллаб, Бош вазир бўлган.