Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима баллар тизими 1 июндан ишга тушади

2025 йил 1 июндан Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима баллар ҳисоблаш тизими ишга тушади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 майдаги қарорида назарда тутилган.

Ҳужжатга кўра, қайд этилган ҳар бир ЙҲҚ бузилиши баллик тизим бўйича баҳоланади — баллар асосий жаримага қўшимча равишда ҳисобланади ва уни тўлашдан озод қилмайди. Тизим ИИВ ЙҲХБ ягона ахборот тизимининг «E-jarimaball» модули орқали ишлайди, унда инсон аралашуви истисно этилади.

Биринчи босқичда янгилик фақат ЙҲХБ ходимлари томонидан маъмурий баённомалар асосида қайд этилган бузилишларга тааллуқли бўлади. Келгусида, ҳайдовчининг шахсини аниқлаш технологияси жорий этилгандан сўнг, тизимни камералар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликларга ҳам татбиқ этиш режалаштирилган.

12 ой давомида ЙҲҚни бузмаган ҳайдовчиларни рағбатлантириш мақсадида, кейинги бузилиш учун биринчи жарима балли ҳисобланмайди.

Агар охирги қайд этилган бузилишдан сўнг ҳайдовчи 6 ой давомида бошқа ЙҲҚ бузилишини содир этмаса, унинг умумий жарима баллари сонидан икки балл чегирилади.

Агар умумий баллар сони иккитадан кам бўлса, барча баллар бекор қилинади ва жарима балларни ҳисоблашнинг янги даври янги ҳуқуқбузарлик содир этилган пайтдан бошланади. Агар 12 ой ичида уларнинг йиғиндиси 12 дан ошмаса, баллар бекор қилинади.

Ўзбекистон ИИВга ҳайдовчининг шахсини аниқлаш тизими жорий этилгандан сўнг, автоматик фото ва видео қайд этиш воситалари орқали қайд этилган ЙҲҚ бузилишлари учун жарима баллар ҳисоблаш амалиётини жорий этиш бўйича асосланган хулосани Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш топширилди.

2025 йил 1 июнгача ИИВга Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда ҳайдовчиларга ЙҲҚ бузилишлари учун ҳисобланадиган жарима балларни ҳисоблаш учун E-jarimaball модулини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш топширилди.

Ҳайдовчиларга баллар ҳисоблангани ҳақида SMS-хабарномалар келади. Уларни мобил илова, «E-jarimaball» модули ва Давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали текшириш мумкин бўлади. Агар бузилиш устидан судга шикоят қилинса, балларни якуний ҳисоблаш суд қарорига боғлиқ бўлади.

12 балл тўпланганда ҳайдовчи вақтинчалик транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Бунинг учун бундай фуқароларнинг ягона маълумотлар базаси яратилади.

Янгилик вақтинча турган хорижий ҳайдовчиларга, дипломатларга ва халқаро ташкилотларга (Ўзбекистон фуқаролари ва доимий яшовчи шахслар бундан мустасно) татбиқ этилмайди.

Ўзбекистонда ЙҲҚ бузилишлари учун жарима баллар миқдори

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг моддасиБузилиш туриЖарима баллар
125-моддасининг 3-қисмиТормоз тизими, руль бошқаруви ёки тиркама қурилмаси носоз бўлган ёхуд тегишли рухсатсиз қайта жиҳозланган автомобилни бошқариш0,3 (0,5)
125-моддасининг 5-қисмиБелгиланган тартибда фойдаланиши тақиқланган автомобилни, шунингдек, давлат рақам белгилари ўзбошимчалик билан ечиб олинган автомобилни бошқариш1
126-моддасининг 1-қисмиРухсатсиз тонировка қилинган ёки ранги ўзгартирилган ойнали транспорт воситаларидан фойдаланиш0,5
126-моддасининг 2-қисмиТонировка қилинган ойналардан фойдаланиш талабларини йил давомида такроран бузиш1
127-моддасининг 1-қисмиБеҳуда сигнал бериш, транспорт воситаларига ишлаб чиқарувчи корхона томонидан назарда тутилмаган товуш ва ёруғлик қурилмаларини ўрнатиш, шунингдек уларни қайта жиҳозлаш0,2 (0,5)
128-3-моддасининг 1-қисмиТранспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан белгиланган ҳаракатланиш тезлигини 20 км/соатгача ошириш0,5
128-3-моддасининг 2-қисмиТезликни 20 дан 40 км/соатгача ошириш1
128-3-моддасининг 3-қисмиТезликни 40 дан 60 км/соатгача ошириш1,5
128-3-моддасининг 4-қисмиТезликни 60 км/соатдан ортиққа ошириш2
128-4-моддасининг 2-қисмиСветофорнинг тақиқловчи сигналига ёки тартибга солувчининг ишорасига бўйсунмасдан ўтиш1
128-5-моддасининг 1-қисмиМаячоқлари ёқилган махсус транспорт воситаларига тўсқинлик қилиш0,5
128-5-моддасининг 2-қисмиҚарама-қарши ҳаракатланиш йўлига чиқиш ёки авария ҳолатини, тўсқинликни юзага келтириш1 (2)
128-6-моддасиТўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш0,2 (0,3)
128-8-моддасининг 1-қисмиОдамларни ташиш қоидаларини бузиш0,3 (0,5)
128-8-моддасининг 2-қисмиАгар уларни кузатиб бориш мажбурий бўлган ҳолларда, автобус ва микроавтобусларда Ички ишлар органлари ходимлари кузатувисиз одамларни ташиш0,5
128-9-моддасиҚувиб ўтиш қоидаларини бузиш1 (1,5)
129-моддасиЙўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи гуруҳ бўлиб ҳаракатланишда иштирок этиш1,5 (2)
130-моддасиТемир йўл кесишмаларидан ўтиш қоидаларини бузиш1
137-моддасининг 1-қисмиЙТҲ жойини тарк этиш2

Қавс ичида дастлабки таклиф қилинган баллар кўрсатилган.

Тасдиқланган баллларга кўра, уларнинг баъзилари жамоатчилик муҳокамасига қўйилган дастлабки таклифга нисбатан юмшатилган. Улар қаторига қувиб ўтиш қоидаларини бузиш, гуруҳ бўлиб ҳаракатланиш, тўхтаб туриш қоидаларини бузиш, қарама-қарши ҳаракатланиш йўлига чиқиш кабилар киради.

Жарима балларни жорий этишнинг узоқ йўли

Жарима баллар тизимини жорий этиш 2018 йил май ойида қабул қилинган Ўзбекистонда 2018-2022 йилларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясида ҳам назарда тутилган эди. Бу ҳақдаги ҳужжат лойиҳасини 2019 йилда ишлаб чиқиш режалаштирилган эди.

Президентнинг 2022 йилги қарори билан жарима баллар тизимини 2022 йил 1 декабрдан ишга тушириш режалаштирилган эди. Ўша йилнинг ноябрь ойида ЙҲХБ тизимни тест режимида ишга туширишларини — жарималар ҳисобламасдан бузилишларни қайд этишларини маълум қилган эди. Ўшанда қонун лойиҳаси ҳали такомиллаштирилаётгани қайд этилган эди.

2023 йил ноябрь ойида Қонунчилик палатаси жарима баллар ҳисоблаш тизимини ишга тушириш учун зарур бўлган қонунни қабул қилди. 2024 йил август ойида Сенат уни қайта кўриб чиқиш учун қайтариб юборди.

Президент ҳужжатни 2025 йил 20 февралда имзолади. Жарима баллар миқдорини Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаши керак эди.