Қирғизистонда Жалолобод шаҳрининг номи Манас деб ўзгартирилди

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Жалолобод вилоятидаги Жалолобод шаҳрининг номини Манас деб ўзгартириш тўғрисидаги қонунни имзолади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) номни ўзгартириш тўғрисидаги қонунни 2025 йил 10 сентябрда қабул қилган. Ҳужжат расмий эълон қилингандан сўнг 10 кун ўтиб кучга киради.

«Қонуннинг мақсади — миллий ғояни мустаҳкамлаш, Жалолобод шаҳрига буюк Манас — халқ қаҳрамони, қирғиз халқини турли босқинлардан ҳимоячиси номини беришдан иборат», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Kaktus.media нашри шаҳар номини ўзгартириш жараёни «ғайриоддий тезликда амалга оширилганини» қайд этади. 2025 йил 3 сентябрь куни шаҳар кенгаши депутатлари Жалолобод мэрининг номни ўзгартириш ҳақидаги таклифини бир овоздан қўллаб-қувватлаган. 5 сентябрда қонун лойиҳаси Жамоатчилик муҳокамасининг Ягона порталида эълон қилинган. 9 сентябрда Жогорку Кенешнинг тегишли қўмитаси уни бирданига уч ўқишда маъқуллаган. 10 сентябрда парламент қонунни қабул қилган, 17 сентябрда эса Президент имзолаган.

«Шундай қилиб, асрлар давомида Жалолобод номини олиб келган мамлакатнинг энг қадимги шаҳарларидан бири, атиги 2 ҳафта ичида ўз номини ўзгартирди», — деб ёзади нашр.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев Жалолобод номини ўзгартириш ўзининг ғояси бўлганини тан олди.

«Мен ўз фикримни атайин айтмадим. Президент қонунни имзоласа, кейин фикр билдираман деб ўйлагандим. Умуман олганда, шаҳар номини ўзгартириш менинг ғоям бўлган десак бўлади. Фуқароларда бу борада саволлар бор эди, уларнинг кўпчилиги ранжиганди, мен ҳам хафа бўлгандим, чунки биз ҳаммамиз Жалолободда туғилганмиз, ўсганмиз, ўқиганмиз, у ерда болаларимиз ва яқинларимиз яшайди. «Жалолобод» сўзи онгимизда ва қалбимизда. Шу сабабли шаҳар номини ўзгартириш ғояси ноодатий эди. Аммо «Манас» сўзи ва Манаснинг ўзи ҳар бир қирғизистонликнинг қалбидадир», — деди Ташиев ва мамлакат фуқаролари шаҳарнинг янги номига «вақт ўтиши билан кўникишини» қўшимча қилди.

«Жалолобод номи ҳам ёмон эмасди. Аммо Индонезияда ҳам Жалолобод бор, Афғонистонда бор, Покистонда, Ҳиндистонда бор. Бироқ Манас фақат бизда бор. Шунинг учун, менимча, Президент тўғри қарор қабул қилди», — деди Қирғизистон МХДҚ раҳбари.