
АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил ва ҲАМАС гуруҳи Мисрдаги музокаралар якунида Ғазо секторида тинчлик ўрнатиш режасининг биринчи босқичини амалга оширишни бошлашга рози бўлганини маълум қилди.
«Мен катта ғурур билан Исроил ва ҲАМАС бизнинг тинчлик режамизни биринчи босқичини имзолаганини эълон қиламан. Бу барча гаровга олинганлар жуда тез орада озод қилинишини, Исроил эса мустаҳкам, узоқ муддатли ва абадий тинчликка эришиш йўлидаги дастлабки қадамлар сифатида ўз қўшинларини келишилган чизиққа олиб чиқишини англатади», — деб ёзди у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.
«Бу араб ва мусулмон дунёси, Исроил, барча қўшни давлатлар ва АҚШ учун БУЮК кун, ва биз бу тарихий ва мисли кўрилмаган воқеани амалга ошириш учун биз билан ҳамкорлик қилган Қатар, Миср ва Туркия воситачиларига миннатдорчилик билдирамиз», — дея қўшимча қилди Трамп.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху Трампга миннатдорчилик билдирди ва келишувни Исроилнинг ғалабаси деб атади.
«Режанинг биринчи босқичи тасдиқланиши билан барча гаровга олинганларимиз уйга қайтарилади. Бу Исроил Давлати учун дипломатик муваффақият ва миллий ҳамда маънавий ғалабадир», — деди.
Нетаняху Исроил ҳукуматини Ғазо бўйича келишувнинг биринчи босқичини тасдиқлаш учун йиғишини ваъда қилди. Мажлис 2025 йил 9 октябрь куни тушдан кейин бўлиб ўтган.
ҲАМАС вакиллари ҳам келишувга эришилганини тасдиқладилар. Уларнинг сўзларига кўра, у Исроил қўшинларининг анклавдан олиб чиқилишини ва гаровга олинганларни алмашишни ўз ичига олади. Гуруҳ Трамп ва кафил давлатларни Исроил томонидан ўт очишни тўлиқ тўхтатиш режимига риоя қилинишини таъминлашга чақирди.
Музокаралардаги воситачилар Исроил ва ҲАМАС Ғазога инсонпарварлик ёрдамини етказишга рухсат беришга ҳам рози бўлганларини билдиришди.
«Воситачилар бугун кечаси Ғазода ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувнинг биринчи босқичини амалга ошириш бўйича барча қоидалар ва механизмлар бўйича келишувга эришилганини эълон қиладилар, бу урушнинг тугашига, исроиллик гаровга олинганлар ва фаластинлик маҳбусларнинг озод қилинишига, шунингдек, инсонпарварлик юкларининг Ғазога киришига олиб келади», — деди Қатар ТИВ вакили.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш келишув ҳақидаги эълонни олқишлади ва барча томонларни унинг шартларига, жумладан, исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш, доимий ўт очишни тўхтатишга риоя қилиш ва Ғазога инсонпарварлик юкларини етказиб беришга дарҳол рухсат беришга чақирди.
«Азоб-уқубатлар тугаши керак», — дейилади Гутерриш баёнотида.
У БМТ ёрдам ҳажмини ошириши ва Ғазони тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришини қўшимча қилди.
АҚШ Ғазодаги урушни тўхтатиш режасини 2025 йил сентябрь ойи охирида тақдим этган эди. У 20 бандни ўз ичига олади ва барча исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш, Исроил қўшинларини олиб чиқиш, ҲАМАС аъзолари анклавни тарк этса, уларга амнистия бериш, шунингдек, халқаро кучларни киритиш ва ташқи маъмуриятни яратишни назарда тутади.
Исроил 2023 йил октябрь ойида ҲАМАС фаластин гуруҳининг ҳужумидан сўнг Ғазода уруш олиб бормоқда, натижада камида 1200 исроиллик ҳалок бўлган, яна 200 га яқин киши гаровга олинган. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, Ғазодаги уруш давомида 64 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Анклавнинг бир қисмида расман оммавий очарчилик тасдиқланган.

