Ўзбекистон биринчи чоракда 3,57 миллиард долларлик олтин экспорт қилди

2025 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 17,3 миллиард долларни ташкил этди, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1,37 миллиард долларга ёки 8,6%га кўп. Ушбу маълумотлар Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида айтиб ўтилди.

Экспорт 8,1 миллиард долларга етди ва 2024 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 24,4%га ошди (2024 йилда 6,5 миллиард доллар). Импорт йил бошидан бери камайишда давом этмоқда — 9,2 миллиард доллар (-2,3%). Натижада ташқи савдо айланмасидаги манфий салдо (импортнинг экспортдан ортиқ бўлиши) 1,09 миллиард долларга қисқарди (2024 йилнинг январь–март ойларида 2,9 миллиард доллар, 2023 йилда 3,3 миллиард доллар эди).

Олтин экспорти йил бошидан бери 3,57 миллиард долларга етди, бу қиймат жиҳатидан 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 34% кўп (ўша пайтда 2,66 миллиард доллар эди). 2025 йил январь ойида қимматбаҳо метал экспорт қилинмаган, февраль ойида 1,73 миллиард долларлик, март ойида эса 1,84 миллиард долларлик олтин четга чиқарилган.

Олтиннинг умумий экспортдаги улуши 40,9%дан 44%га ошди. Олтин-валюта захираларида олтиннинг жисмоний ҳажми камайган бўлса-да, қиймати олтин нархлари ўсиши сабабли анча ошди.

Агар экспортдан олтин чиқариб ташланса, ташқи савдо айланмасидаги ўсиш фақат 3,5%ни ташкил этади.

Энергия ресурслари

Ўзбекистон 2025 йилнинг уч ойида 443,1 миллион долларлик нефть ва нефт маҳсулотлари импорт қилди, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 16%га кам. Бензин импорти ҳам қисқарди — 119,9 миллион доллар (-10,1%).

Нефть маҳсулотлари экспорти шу даврда 109,5 миллион долларга тушди (-15,7%), бу 2024 йилнинг январь-март ойларига нисбатан камайган.

Кўмир импорти ҳам секинлашди ва 48,8 миллион долларни ташкил этди (-7,1%), шу билан бирга, электр энергияси импорти ошди — 60,4 миллион доллар (+5,8%). Электр энергияси экспорти ҳам 12,6%га ошиб, 49,3 миллион долларга етди.

Ўзбекистон газ импортни кескин қисқартирди — 38,5 миллион долларга, бу 2024 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 8,5 баробар кам. Шунингдек, 2024 йилнинг дастлабки ҳисоботларида газ импорти 360,2 миллион доллар деб кўрсатилган бўлса, кейинги янгиланган маълумотларда бу кўрсаткич 329 миллион долларни ташкил этди. Яъни 31,2 миллион долларлик импорт расмий божхона декларациялари билан тасдиқланмаган. Бу фарқнинг катта қисми (30,5 миллион доллар) январь ойига тўғри келган.

2025 йил январь ойида газ импорти 21,8 миллион долларга, февраль ойида 14 миллион долларга, март ойида эса 2,7 миллион долларга тушди, яъни хориждан газ импорти деярли тўхтади.

Шу фонда газ экспорти 2,5 баробардан кўп ошди — 94,3 миллион долларга. Бу ерда ҳам маълумотларда фарқ бор: ўтган йили газ экспорти 45,4 миллион доллар деб кўрсатилган бўлса, янгиланган маълумотларга кўра 37 миллион доллар акс эттирилган.

Газ бўйича статистика маълумотлари нега ўзгарди?

Статистика агентлиги аввалроқ маълум қилганидек, ташқи савдо, шу жумладан газ бўйича маълумотлар божхона декларацияларига асосланиб олинади.

Дастлабки пресс-релизлар чоп этилганда, дастлабки маълумотлар ҳисобланади. Улар тезкор тарзда божхона органлари томонидан тақдим этилади. Кейинроқ махсус қоидаларга кўра божхона декларациялари қайта кўриб чиқилиши ва аниқлаштирилиши мумкин — масалан, хатолар топилса, шартномаларда ўзгариш бўлса ёки ҳужжатлар нотўғри расмийлаштирилган бўлса.

Шу сабабли, бир неча ойдан кейин кўрсаткичлар ўзгариши мумкин: импорт ёки экспорт ҳажми ёки қиймати қайта ҳисобланади. Масалан, 2024 йилнинг январь-март ойларида аввал 360,2 миллион доллар газ импорти айтилган бўлса, кейин 329 миллион доллар деб тузатилган.

Бошқа маҳсулотлар савдоси

Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти қисқаришда давом этмоқда: 2025 йилнинг дастлабки 3 ойида 629,3 миллион доллар (-19,1%) бўлди. Бу тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, тўқимачилик иплари ва матолар экспорти қисқаргани билан изоҳланади — 404,9 миллион доллар (-24,7%), тўқимачилик толалари — 23,8 миллион доллар (-27,8%). Шу билан бирга, экспортдаги тайёр маҳсулотлар ҳиссаси 45%, иплар ҳиссаси 35%ни ташкил этади.

Шу билан бирга, миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сабзавот ва мевалар экспорти қиймат жиҳатидан кескин ошган — 282,6 миллион доллар (+28,8%). Жисмоний ҳажмда ҳам 282,5 минг тонна (+27,6%)га ошган.

Энг кўп экспорт даромади фасоль — 86,5 миллион доллар (+69,5%), қуритилган узум — 31,4 миллион доллар (2,1 марта ошиш) ва карам — 19,5 миллион доллар (-11,6%)дан олинган.

Ғалла ва ундан тайёрланган маҳсулотлар экспорти (асосан Афғонистонга) 126,3 миллион долларга (+29%) ошди, мамлакатга ғалла импорти эса бироз ошди — 234,6 миллион доллар (+2,1%).

Ўзбекистон шакар импортини 126,9 миллион долларга (+15,7%), гўшт ва гўшт маҳсулотлари — 138,1 миллион долларга (+65,1%), қаҳва, чой, какaо ва зираворлар — 108,8 миллион долларга (+21,5%), сут маҳсулотлари ва тухум — 62,5 миллион долларга (+53,7%), тирик ҳайвонлар — 32,3 миллион долларга (+62%), ўсимлик ёғлари ва ёғ маҳсулотлари — 92,4 миллион долларга (+39,4%) кўпайтирди.

Медицинa ва фармацевтика маҳсулотлари импорти 472,8 миллион долларга (-4%) камайди.

Хизматлар экспорти (саёҳат, транспорт, телекоммуникация ва бошқалар) 37,9%га ошиб, 1,73 миллиард долларга етди. Бунинг катта қисми туризм — 756,8 миллион доллар (43,7% улуш) ва транспорт — 701,4 миллион доллар (40,5% улуш) ҳиссасига тўғри келади.

Хизматлар импорти ҳам 32,9%га ошди — 967,3 миллион долларга, шундан туризм ҳиссаси 563,8 миллион доллар (58,3%).