Шахсий эҳтиёж ёки тадбиркорлик мақсадида импорт қилинган (расмий дилер бўлмаган) автомобилларга мослик сертификатини олишда, яна бир қўшимча, яъни электромагнит мослик текширувини ўтиш талаби қўйилди.
UzTestнинг берган изоҳига кўра, бундан аввал ҳам бу талаб бўлган ва унинг мақсади, бир автомобилнинг бошқа автоуловга зарар етказмаслигидир. Ўзбекистондаги расмий дилерлар томонидан импорт қилинадиган автомобиллар ушбу текширувдан ўтган ва сертификатга эга. 2023 йили 40 дан, 2024 йил эса 30 дан ортиқ сертификатлар берилган. Расмий дилерлар ҳар 3-6 ой ичида автомобилларни кўрикдан ўтказади ва ҳужжатларни тақдим қилишади.
Ушбу талаб расмий бўлмаган автосалонларга ҳам таалуқли. Бензинда ҳаракатланувчи автомобилларнинг техник кўрикдан ўтиш нархи – 9 млн 88 минг сўмни ташкил қилса, электромобиллар учун бу қиймат 6 млн 300 минг сўм атрофида. Юқорида айтилган нархлар, 7 та гача ўриндиқли автоуловларга тегишли. Ундан ташқари, нархлар автомобиль категориясига кўра ҳам ўзгариши мумкин. Текширувлар Пскентдаги автополигонда амалга оширилади.
UzTest, автомобилларни импорт қилувчи тадбиркорларга бўлган талаблар, барчага, шу жумладан расмий дилерларга ҳам қўйилишини алоҳида таъкидлаган.