Марказий банк банкларни ижтимоий тўловлар ҳисобидан кредит қарзларини автоматик равишда ундиришни тўхтатишга чақирди

Ўзбекистон Марказий банки кредит ташкилотларини аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига давлат томонидан ажратилаётган ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамни кредит қарзларини қоплаш учун автоматик равишда ечиб олишга йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

Регулятор хабар беришича, фуқаролардан банк карталарига тушган давлат нафақалари — жумладан, кам таъминланган оилалар учун болалар нафақалари, ногиронлиги бўлган шахсларга тўловлар, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақалар ва бошқа турдаги моддий ёрдамлар банклар томонидан кредит қарздорлигини қоплаш учун автоматик равишда ечиб олинаётгани ҳақида шикоятлар кўпаймоқда.

«Марказий банк давлат ижтимоий нафақаларини кредит ташкилотлари томонидан кредит қарздорлигини қоплаш ҳисобига автоматик равишда ечиб олишни адолат тамойилларига зид ва виждонсиз амалиёт деб баҳолайди», — дейилади баёнотда.

Марказий банк Ўзбекистон Конституциясининг 57-моддаси меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кекса фуқаролар, ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини кафолатлашини эслатди. Бундан ташқари, «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун шартномаларга мижозларнинг ҳуқуқларини камситувчи ёки уларни қонун билан белгиланган имтиёзлар ва афзалликлардан маҳрум этувчи шартларни киритишни тўғридан-тўғри тақиқлайди.

Шу муносабат билан Марказий банк барча кредит ташкилотларидан қуйидагиларни талаб қилди:

  • мижознинг розилигисиз ижтимоий тўловларни қарз ҳисобига автоматик равишда ечиб олиш имкониятини истисно қилиш учун ички регламентлар ва автоматлаштирилган тизимларни қайта кўриб чиқиш;
  • фуқаролар шикоятлари келиб тушганда — ундиришни тўхтатиш ва ечиб олинган маблағларни қайтариш.

Регулятор молия ташкилотларини қонун доирасида қатъий ҳаракат қилишга ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларининг ҳуқуқларини ҳисобга олишга чақирди.