2025 йили Ўзбекистонда 1619 км ичимлик суви тармоқлари, 521 км канализация тармоқлари қуриш ва 162 та инфратузилма объектларини барпо этиш ҳамда қайта таъмирлаш режалаштирилган.
Натижада 715 минг киши илк бор тоза ичимлик сувига эга бўлади, 135 минг хонадон канализация тизимига уланади, 157 минг истеъмолчи эса замонавий ҳисоблагичлар билан таъминланади. Бу ҳақида 2025 йил 17 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
«Канализация тизимининг мавжудлиги қурилиш, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади. Ҳар йили ушбу тизимларни кенгайтириш учун бюджетдан триллионлаб сўм ажратилади. Бироқ, шу билан бирга, мазкур соҳада хусусий секторни фаол жалб этиш зарур», — дейилади Президент матбуот хизмати хабарномасида.
Давлат раҳбари хусусий шерикликни кенгайтириш ва маҳаллий компанияларни халқаро тендерларда иштирок этиш имкониятларини ошириш муҳимлигини таъкидлади. Масалан, маҳаллий тадбиркор Осиё тараққиёт банки кўмагида Олмалиқ, Бекабод, Ангрен ва Чирчиқда тозалаш иншоотлари қурмоқда. Бошқа бир тадбиркор эса Андижон вилоятининг икки туманида сув таъминоти ва канализация хизматларини хусусий бошқарувга олишни таклиф қилди.
Халқаро молия институтлари билан лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини соддалаштириш бўйича қарор маъқулланди. Тендер жараёнларини тезлаштириш ҳамда йил охиригача 850 миллион долларлик ишлар бажариш бўйича топшириқ берилди.
Келгуси беш йил давомида иссиқлик таъминоти тизимларини тиклаш ва модернизация қилиш учун 19 трлн сўм йўналтирилади. Натижада марказлашган иссиқлик таъминоти қамрови 37%дан 58%га ошади.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига кўп қаватли уйлар ҳамда ижтимоий муассасаларнинг энергия самарадорлигини ошириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Йиғилишда 9000 та кўп қаватли уй ва ижтимоий объектлар ёпиқ иситиш тизимига ўтказилиши таъкидланди. Бу иссиқлик йўқотишларини икки баробар камайтириш ва газ истеъмолини 20%га қисқартириш имконини беради.
Яна бир муҳим вазифа соҳа рақамлаштириш ҳисобланади. Бу мақсадда ОТБдан 125 миллион доллар жалб этиш режалаштирилган. Беш йил давомида 4800 та «ақлли» ҳисоблагич ва 2800 та йирик гидротехник иншоотлар ҳамда магистрал қувурларга телеметрия тизими ўрнатилиши белгиланди.
Президент шунингдек, ҳисоблагичларни хизмат кўрсатишни босқичма-босқич хусусий секторга топшириш бўйича ҳам топшириқ берди.