Ўзбекистонда ID-карта, хорижий паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномаси учун «чиройли» рақамлар сотувга чиқарилади

Ўзбекистонда ID-карта, хорижий паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномаларининг «чиройли» рақамлари учун тўловли хизмат жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу Ички ишлар вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ҳукумат қарори лойиҳасида назарда тутилган.

Ҳужжат лойиҳасида бундай хизматларга талаб ортиб бораётгани ва уларни тақдим этиш тартибини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланган.

Ички ишлар вазирлиги ID-карталар, хорижий паспортлар, ҳайдовчилик гувоҳномалари ва транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномалари учун исталган рақам комбинациясини танлаш имкониятини жорий этишни таклиф қилмоқда.

Чиройли рақамлар id карта, паспорт, права ва тех. паспорт

Хизмат махсус электрон платформалар орқали тақдим этилиб, фуқаролар истаган рақамни танлаб, унинг учун тўловни амалга оширишлари мумкин бўлади.

Ўзбекистон фуқаролари, доимий яшаш гувоҳномасига эга хорижий шахслар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ID-карта рақамини қуйидаги тартибда харид қилишлари мумкин:

  1. Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz, ЯИДХП) ёки бошқа электрон платформада рўйхатдан ўтиш;
  2. Мавжуд вариантлардан рақамни танлаш;
  3. Ҳисоб-фактура (инвойс) орқали тўловни амалга ошириш;
  4. Тўловдан кейин рақамни шахсий идентификацион рақамга (ПИНФЛ) боғлаш;
  5. Шахсий кабинет орқали рақам бириктирилгани ҳақида хабар олиш;
  6. 90 кун ичида ҳужжатлар бериш пунктига мурожаат қилиб, ID-картани расмийлаштириш ва қабул қилиш.

Тўловли хизматни 2025 йил 1 мартдан йўлга қўйиш ва кейинчалик уни ЯИДХП билан интеграция қилиб, веб-сайт ва мобил иловалар орқали тақдим этиш режалаштирилган.

Биринчи босқичда, 2025 йил 1 июлгача, харажатлар Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобига қопланади, кейинчалик эса «чиройли» рақамларни сотишдан тушган маблағлар ҳисобига молиялаштирилади.

Тўловли давлат хизматларидан тушган даромадлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати моддий-техник базасини ривожлантириш ҳамда ходимларни рағбатлантириш ва мукофотлашга йўналтирилади.

Хорижий паспорт, ID-карта ва рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларини бериш бўйича давлат хизматлари учун тўловлар қуйидаги тарзда тақсимланади:

а) Ариза ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси (МФРББ) ёки ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати расмий веб-сайти ёки мобил иловаси орқали топширилганда:

  • 30% — ИИВ бюджетдан ташқари махсус жамғармасига;
  • 70% — Давлат бюджетига.

б) Ариза Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали топширилганда:

  • 10% — Адлия вазирлиги давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;
  • 11,75% (шу жумладан 0,5% ягона биллинг тизими орқали тўловни тасдиқлаш учун рақамли давлат хизматлари бошқарув маркази махсус ҳисобварақларига, қолган қисми эса Рақамли технологиялар вазирлиги махсус ҳисобварақларига);
  • 30% — ИИВ бюджетдан ташқари махсус жамғармасига;
  • 48,25% — Давлат бюджетига.

«Чиройли» рақамларни сотиш тизими МФРББ томонидан тақдим этилган рўйхат асосида ташкил этилади. Фуқаролар онлайн тарзда танлаш ва харид қилиш имкониятига эга бўладилар.

Сериявий рақамлар махсус комбинацияли рақамлар савдосида иштирок этмайди.

Айни пайтда ID-карта, хорижий паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномаларига рақамлар автоматик равишда берилади ва уларни танлаш имкони йўқ. Бу рақамлар «сериявий рақамлар» деб аталади.

Янги тизимда эса фуқаролар исталган рақам комбинациясини (масалан, 777777, 123456, 999999 ва ҳоказо) танлаш ва харид қилишлари мумкин бўлади.

Стандарт алгоритм асосида берилган сериявий рақамлар сотувга қўйилмайди — уларни қўшимча тўловсиз одатий тартибда олиш мумкин бўлади.

2023 йилда маҳсулот-хом ашё биржасида 87 минг авто рақам 396,1 миллиард сўмга сотилган. Энг қиммат «чиройли» авторақам 450 миллион сўмга юридик шахсга сотилган бўлиб, бу 2021 йилдаги рекордни бироз ортда қолдирган.

2024 йилнинг тўққиз ойи давомида авто рақамлар савдоси 2,6 баробар ошиб, 620 миллиард сўмга етган.