Ўзбекистонда ҳомиладорлик сабабли ишдан бўшатиш тақиқланди ва ишга жойлашиш соддалаштирилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 13 февраль куни меҳнат муносабатларини тартибга солишни такомиллаштиришга қаратилган қонунни имзолади.

Меҳнат кодексига ўртача иш ҳақини ҳисоблаш ва тўланмайдиган таътил муддатини аниқлаш тартибини белгилайдиган ўзгартиришлар киритилмоқда.

Хусусан, барча тўлов тизимларида ишловчи ходимларнинг ўртача маоши иш берувчи томонидан охирги 12 календар ой ичида ҳисобланган умумий даромаднинг 1/12 қисми миқдорида аниқланади. Бу ой ходимга ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ойдан олдинги 12 ойни ўз ичига олади.

Илгари ўртача иш ҳақини ҳисоблаш фақат вақтбай иш ҳақи тизими учун қўлланилар ва асосан охирги ой маоши + 12 ойлик устама, мукофот ва бошқа тўловларнинг 1/12 ҳиссаси асосида ҳисобланар эди.

Натижада, ўртача иш ҳақини ҳисоблаш усули барча ходимлар учун ягона бўлди. Бироқ, олдинги тартибда охирги ойлик тариф ставкаси ҳисобга олинган бўлса, янги қоидада бу бекор қилинди, бу эса тўлов миқдорига таъсир қилиши мумкин.

Шунингдек, ягона миллий меҳнат тизими (ЯММТ) орқали электрон меҳнат шартномаларини расмийлаштириш тартиби жорий қилинмоқда.

Бундан ташқари, ҳомиладорлик ёки фарзанди борлиги сабабли ишдан бўшатиш тақиқланмоқда. Илгари бу сабабларга кўра ишга қабул қилишдан бош тортиш ёки иш ҳақини камайтириш ман этилиши белгиланган эди (Меҳнат кодексининг 392-моддаси).

«Таълим тўғрисида»ги қонунга ҳам ўзгартиришлар киритилиб, ходимларни кечки ёки сиртқи шаклда ўқитиш ҳуқуқига эга бўлган таълим муассасалари рўйхати аниқлаштирилмоқда.

Давлат хизматчилари учун меҳнат муносабатлари «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун қамраб олмаган қисмларда умумий меҳнат қонунчилиги билан тартибга солиниши белгиланди.

Эндиликда ишга жойлашишда паспорт, ID-карта ёки меҳнат дафтарчасини тақдим этиш талаб қилинмайди — давлат ахборот тизимлари интеграцияси орқали барча маълумотлар электрон шаклда узатилади.

Декабрь ойи охирида Вазирлар Маҳкамаси электрон меҳнат шартномаларини тузиш тартибини тасдиқлаган эди. Энди улар ягона миллий меҳнат тизимида (ЯММТ) расмийлаштирилиб, ҳар икки томоннинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.