Ҳиндистон Покистоннинг барча самолётлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди

Ҳиндистон ҳукумати Покистоннинг барча авиакомпаниялари, жумладан ҳарбий самолётлари учун мамлакат ҳаво ҳудудини ёпиш тўғрисида эълон қилди, деб хабар берди Reuters. Чекловлар 2025 йил 30 апрелдан кучга кирди ва 23 майгача амал қилади.

Ҳиндистон расмийлари бундай қарорни ўтган ҳафта Деҳли назорати остидаги Кашмирнинг Паҳалгам шаҳрида сайёҳларга қилинган ҳужумдан сўнг Покистон билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида қабул қилди.

Покистон 2025 йил 24 апрелда Ҳиндистон самолётлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпган эди. Шунингдек, мамлакат расмийлари Ҳиндистон билан барча савдони, жумладан учинчи давлатлар орқали савдони ҳам тўхтатди ва Ҳиндистон фуқароларига махсус Жанубий Осиё визаларини беришни тўхтатди.

Куни кеча Покистон ахборот вазири Аттаулла Тарар мамлакатда Ҳиндистон яқин 24-36 соат ичида Покистонга ҳарбий зарба беришга тайёрланаётгани ҳақида “ишончли маълумотлар” борлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Ҳиндистон бунга баҳона сифатида Исломободнинг Паҳалгамдаги ҳодисага алоқадорлиги ҳақидаги “асоссиз ва тўқиб чиқарилган айбловлардан” фойдаланади.

Ҳиндистон Покистонни Деҳли назорати остидаги Кашмирнинг Паҳалгам шаҳрида сайёҳларга қилинган ҳужум ортида турган жангариларни қўллаб-қувватлашда айблади. Ҳужум натижасида 26 киши, жумладан 25 нафар Ҳиндистон фуқароси ва бир нафар Непал фуқароси ҳалок бўлди.

Ҳиндистон 4 нафар ҳужумчидан учтасини аниқлади, улардан иккитаси Покистон фуқароси бўлган. Исломобод ҳодисага алоқадорлик бўйича барча айбловларни рад этди ва бетараф тергов ўтказишга чақирди.

Ҳиндистон ва Покистон 1947 йилда бўлинганидан бери Кашмир ҳудуди бўйича баҳслашиб келади ва бу ҳудуд учун 2 марта уруш олиб борган. Паҳалгам яқинидаги ҳужум сўнгги 20 йил ичида минтақада тинч аҳолига қарши энг қонли ҳужум бўлди. Сўнгги кунларда икки давлатнинг тан олинмаган чегарасида жойлашган қўшинлар ўртасида вақти-вақти билан отишмалар содир бўлмоқда.