Ҳайдовчиларни тайёрлаш ва имтиҳон ўтказиш тартибини бузиш жиноий жавобгарликка тортилади

Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу Олий Мажлис Сенатининг 2025 йил 24 январь кунидаги йиғилишида маъқулланган қонун билан кўзда тутилган. Ҳужжат президент имзосига юборилди.

Жиноят кодекси 228−2-модда билан тўлдирилмоқда (автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти ҳайдовчиларини, шунингдек, тракторист-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, имтиҳон ўтказиш ва гувоҳнома бериш тартибини бузиш).

1-қисм:

Ўқув дафтарлари, йўналиш варақалари ёки имтиҳон комиссияси баённомаларига масъул шахс томонидан ўқув дастурини ўташ ёки имтиҳонларни муваффақиятли топшириш тўғрисида ёлғон маълумотлар киритиш, шунингдек, ана шу ёлғон маълумотлар асосида автомототранспорт воситалари, шаҳар электр транспорти ёки тракторист-машинист ҳайдовчилари учун гувоҳнома бериш.

Жазо: 50 дан 100 базавий ҳисоблаш миқдоригача жарима (18,75 млн – 37,5 млн сўм), 3 йилгача маълум ҳуқуқлардан маҳрум қилиш, 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача тузатиш ишлари.

2-қисм:

Имтиҳон варақаси ёки натижалар баённомасига масъул шахс томонидан назарий ва амалий имтиҳонлар натижалари бўйича ёлғон маълумотлар киритиш, ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки тракторист-машинист сертификати олиш ҳуқуқини берувчи махсус сертификатни бериш.

Жазо: 100 дан 300 БҲМгача жарима (37,5 млн – 112,5 млн сўм), 5 йилгача маълум ҳуқуқлардан маҳрум қилиш, 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 3 йилгача тузатиш ишлари, 1-2 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

3-қисм:

1 ёки 2-қисмда назарда тутилган ҳаракатлар:

а) такроран содир этилса;

б) олдиндан тил бириктирган гуруҳ томонидан содир этилса;

в) оғир оқибатларга олиб келса;

г) хизмат мавқеи суиистеъмол қилиниб содир этилса,

жазо: 300 дан 600 БҲМгача жарима (112,5 млн – 225 млн сўм), 3 йилгача маълум ҳуқуқлардан маҳрум қилиш, 2-5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Бундан ташқари, Жиноят кодекси 227−1-модда (автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалари) учун давлат рақамлари ёки идентификацион рақамларни ноқонуний тайёрлаш, топшириш, ишлатиш ёки сохталаштириш) билан тўлдирилади.

1-қисм:

Давлат рўйхат белгилари ёки идентификацион рақамларни (кузов, шассиси (рамаси), двигатели) ноқонуний тайёрлаш, топшириш, ишлатиш ёки сохталаштириш.

Жазо: 50 дан 100 БҲМгача жарима, 3 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш.

2-қисм:

Айни шу ҳаракатларни мансабдор шахс томонидан содир этиш.

Жазо: 100 дан 150 БҲМгача жарима, 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Агар 1 ёки 2-қисмда назарда тутилган ҳаракатлар:

а) такроран ёки ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;

б) олдиндан тил бириктирган гуруҳ томонидан содир этилган бўлса,

жазо: 3-5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3-5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Қайд этиш жоизки, қонун ҳужжати муҳокамаси давомида Сенат ва Қонунчилик палатаси йиғилишларида мазкур жиноятлар учун жавобгарликни жорий этиш режалари маълум қилинган бўлса-да, депутат ва сенаторлар ушбу моддалар бўйича муҳокама олиб боришмаган.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси сохталаштирилган ёки бошқа тарзда ўзгартирилган давлат рақамлари, шунингдек, мазкур транспорт воситасига тегишли бўлмаган давлат рақамлари билан бошқарганлик учун 10 БҲМ миқдорида жарима белгиланган.