Пойтахт ва Тошкент вилоятида ҳавога чиқиндилар чиқариш меъёрларини бузган юзлаб иссиқхоналар, заводлар ва ижтимоий объектлар аниқланди, деб хабар берди Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.
Бош прокурор ўринбосари Шерзод Тўхтабоев раҳбарлигидаги махсус ишчи гуруҳ, шу жумладан, Экология вазирлиги ва бошқа идора ходимлари 762 объектда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши бўйича текширув ўтказди. Улар қаторида 103 та иссиқхона хўжалиги, 450 та ижтимоий объект ва 209 та саноат корхонаси бор.
Анализ натижасида 416 та объект (54,6%) тутун, чанг ва газ чиқиндилари меъёрларини бузгани аниқланди.
Шу жумладан:
- 70 та иссиқхона сифатсиз қозонлардан фойдаланган
- 83 таси экологик экспертизадан ўтмаган
- 24 тасида чиқиндиларни тозалаш учун фильтрлар мавжуд эмас (айрим иссиқхоналарда бир нечта қоидабузарлик аниқланган).
Ижтимоий соҳада эса 18 та тиббий чиқиндилар ёқиб юборилган ҳолат ва 5 та тутун чиқадиган трубаларнинг ифлосланиши ҳолати қайд этилган.
Саноат корхоналари бўйича:
- 40 та объект экологик экспертизадан ўтмаган
- 108 таси фильтрларсиз ишлаган
- 39 таси кам самарали тозалаш ускуналаридан фойдаланмоқда
- 29 таси зарарли моддалар чиқариш меъёрларини оширган.
Баъзи заводларда бир нечта қоидабузарликлар мавжуд. Корхоналар раҳбарлари камчиликларни тезда бартараф этиш бўйича огоҳлантирилди.
Февраль ойи бошларида Тошкент вилоятида ўтказилган экологик рейд натижалари эълон қилинганидан кейин ижтимоий тармоқларда ҳаво ифлосланишини ўлчаш тўғрилиги борасида баҳслар келиб чиққан эди. Экология вазирлиги ҳаво ифлосланиши меъёридан ошмаганини маълум қилди. Ўшанда Тошкентга кириб келаётган ҳаво оқимларининг 80% юқори концентрацияли иссиқхоналар жойлашган ҳудудлар орқали ўтаётгани хабар қилинган эди.