Президент автоҳалокат оқибатида ҳалок бўлган икки нафар ЙПХ ходимини тақдирлади

2025 йили автомобил уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлган икки нафар йўл-патрул хизмати ходими вафотидан сўнг «Жасорат» медали билан тақдирланди. Уларнинг исмлари Ўзбекистон президентининг Ватан ҳимоячилари куни (14 январь) муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини мукофотлаш тўғрисидаги фармонига киритилган.

Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори Жасуржон Муҳаммадов (32 ёшда) 2025 йил 19 январга ўтар кечаси Навоий шаҳри марказида ҳалок бўлган эди. Ўшанда у йўл ҳаракати қоидаларини бузган, давлат рақами бўлмаган Kia Sonet автомобилини тўхтатмоқчи бўлган. Ҳайдовчи ИИО ходимининг ишорасига бўйсунмай, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва уни уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган. Инспектор воқеа жойида вафот этган, унинг икки нафар фарзанди қолган.

Катта сержант Ваҳобжон Мўминов (42 ёшда) 2025 йил 21 ноябрга ўтар кечаси Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида хизмат вазифасини бажараётган эди. ЙПХ ходимлари Onix автомобилини тўхтатмоқчи бўлишган, бироқ ҳайдовчи бўйсунмасдан воқеа жойидан яширинган. Қоидабузар ҳақидаги маълумот рация орқали катта инспектор Ваҳобжон Мўминовга узатилган. У ҳайдовчига тўхташ ишорасини берганида, ҳайдовчи уни уриб юбориб, оғир тан жароҳатлари етказган. ИИО ходими тиббиёт муассасасига олиб кетилаётганда йўлда вафот этган. Унинг икки қизи ва бир ўғли қолган.